Мулоқот бизни янги ютуқларга даъват этади
Уч йилдирки, 20 август мамлакатимизда тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимлари билан Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ўтказган бу йилги анъанавий очиқ мулоқоти давомида сўзга чиққан тадбиркор ва ишбилармонларга билдирган фикрлари, янгидан-янги иш ўринлари яратиб, одамларни даромадли қилишга, камбағалликни қисқартиришга қаттиқ бел боғлаган пешқадам тадбиркорларга миннатдорчилик билдиргани, айниқса, давлатимиз раҳбарининг биз кичик ва хусусий бизнес вакилларига қарата айтган қуйидаги сўзлари барчамизни янги марраларни эгаллашга даъват этиши турган гап:
“Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!”

Мен ҳам залда ўтириб мазкур сўзларни тинглаб, фаолиятимни янада ривожалантиришга қарор қилдим. Давлатимиз раҳбари айтганидек, янгидан-янги иш ўринлари яратиб, одамларни даромадли қилишга, камбағалликни қисқартиришга қаттиқ бел боғладим. Катта бир масъулиятни бўйнимга олиб, вилоят озиқ-овқат саноати ривожига ҳисса қўшишга аҳд қилдим.
Масъулияти чекланган жамиятимиз томонидан ҳар бири 50 килограмм бўлган, рангли қопларда қадоқлаб чиқарилаётган “Volidam”, “Nur”, “Parvona” брендига мансуб биринчи навли ун маҳсулоти аллақачон ўз харидорларини топди. Бир неча йил бурун Когон шаҳрининг Хўжабарги кўчаси ёқасида, бўш ётган ердан 5,9 гектарини ўз тасарруфимизга олиб, қурилишни бошлаганмиз. Бунинг учун бизни банк 2 миллион АҚШ долларидан зиёд имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватлаган. Бу сармояга буғдойни қабул қилиш тарозихонаси, қайта ишлаш цехи, омборхона, қўшимча цехларни барпо этиб, зарур ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозладик. Ишлаб чиқариш қувватини оширганимиз ҳисобидан ишчи сонини кўпайтириб, 70 нафарга етказдик. Улар кучи билан кунига 120 тонна сара буғдойни қабул қилиб, қайта ишлаяпмиз. Агар кунига 75-80 тонна атрофида биринчи ва иккинчи навли унни қадоқлаб сотувга чиқараётган бўлсак, иккиламчи маҳсулот сифатида кепак, яна буғдой қипиғидан маҳаллий чорвадорларга ҳамда майда шохли мол боқадиган хўжаликларга озуқа бирлигини тайёрлаб етказиб бермоқдамиз.
Маҳсулотнинг харидоргирлиги ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган хомашёнинг саралиги ва таъминотига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис корхонамиз Бухоро вилоятидаги агрокластерларда етиштирилган маҳаллий буғдой ҳосилини биржа савдолари орқали харид қилиш билан бирга қўшни Қозоғистон Республикасидан юқори сифатли буғдой олишни йўлга қўйган. Маҳсулот ҳажми тобора ошиб бормоқда. Ун комбинатини юқори унумли замонавий технология билан таъминлаш мақсадида Туркия давлатининг “Gimach” компанияси билан ўрнатилган ўзаро тенг манфаатли яқин ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Яъни туркиялик мутахассислар томонидан 7 миллион АҚШ долларига тенг бизнес лойиҳа амалиёти устида иш олиб борилиб, ярим автоматлаштирилган тизимда ишловчи тегирмон ва илғор дастгоҳлар ўрнатилганлиги ҳам ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришиш имкониятини бермоқда.
Комбинатда иккиламчи маҳсулот сифатида чорва озуқасига талаб ва эҳтиёж ошиб бораётганини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариладиган буғдой қипиғи ва кепак ҳажмини кунига 125 тоннага етказиш кўзда тутилган. Бу озуқа нафақат қўй-эчкичилик хўжаликлари, балки балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа тармоқларда ҳам жуда асқатади.
Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши орқали вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари учун қўшимча 3,0 млн. долларлик захира базаси яратилиб, 1,5 млрд. сўмлик бюджетга қўшимча тушумлар тушиши таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг бу йилги тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотида илгари сурилган устувор вазифалар ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан ҳисобланган тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш имконини бериши билан бирга халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Нодир Ҳамдамов,
Когон шаҳридаги “Акбаржон Баракат” МЧЖ таъсисчиси,
O`zLiDeP дан сайланган маҳаллий Кенгаш депутати.
ЎзА