Мукофот журналистга қанот беради
Пойтахтимиздаги муҳташам Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, Бадиий академия, Республика «Тасвирий ойна» ижодий уюшмаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. ЎзА мухбири танлов ғолибларининг таассуротлари билан қизиқди.
Элмурод Эрматов, “Kun.uz” электрон нашрининг Андижон вилоят бўйича мухбири:

–Танловга тўсатдан ҳужжатларимни топширдим. Анча йиллардан буён ушбу танловда қатнашиш ниятида юрардим, аммо нимадир сабаб бўлиб қатнашолмасдим. Бу йил танловга хонободлик бир оддий қизнинг уйида заргарлик устахонасини очганлиги ва ўзининг тенгдошларидан 15 нафарини иш билан таъминлаганлиги ҳақидаги материалимни бергандим. Бу ҳакамлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Кўп маротаба мустақиллик йилларида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ёритдим. Танловга топширилганлар орасида водийда ишчи ўринлар яратилганлиги, йўллар таъмирланганлиги, таълим муассасаларининг ҳолати акс этган материаларим ҳам бор эди. Мени кўпчилик танқидчи журналист, деб билади. Аммо йўлда кетатуриб бирор бир яхши ҳолатни кўриб қолсам, бирор маскан обод бўлганини эшитсам, шундан ҳам тўлқинланиб, ижод қиламан. Танқидларим самара берса, иш ижобий томонга ўзгарса, мендан хурсанд одамнинг ўзи йўқ. Яқинда Шаҳрихондаги омонатгина кўприкни сайтимизга олиб чиқдим. Орадан кўп ўтмасдан мана шу муаммо ҳал этилди. Икки ойда 4 миллиард сўмлик кўприк бунёд этилди. Бугун ҳам Андижоннинг бир чеккасида бутун бошли қишлоқ яроқсиз ичимлик сувидан истеъмол қилаётганидан хабар топдим. Тошкентдан қайтишим билан шу муаммони олиб чиқмоқчиман.
Орифжон Жўраев, «Янги Ўзбекистон» газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири:

–«Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик- танловида ғолибликка муносиб топилганимдан мамнунман. Бу жамоамизга бўлган эътироф, десам муболаға бўлмайди. Газетанинг Наманган вилояти бўйича мухбири бўлганим учун марказдан то ҳудуддаги энг чекка тадбирларни ҳам ёритишимга тўғри келади. Бутун вилоят ҳудудидаги ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, фуқаролар мурожаати бизнинг бўйнимизда. Имкон қадар барчасига улгуришга, имкон қадар масъулият билан ёндашишга ҳаракат қиламиз. Бу каби мукофотлар эса янада тинимсиз, тезкор, чарчоқ билмасдан ижод қилишга чорлайди.
Нурхон Элмирзаева, “XXI аср газетаси» бўлим мудири:

–Газетамизда чоп этилган энг сара материалларимизни топширган эдим. «Макро» савдо мажмуаларидаги сохта акцияларни танқид қилиб чиққан эдим, ҳозир савдо жараёнларида бу ҳолат кузатилмаяпти. Бу ҳам фирибгарликнинг бир тури. Асосли танқидларимиздан сўнг ушбу ҳолат йўқ бўлди. Асосан суд-ҳуқуқ тизимига оид материаллар ёзаман. Суд очеркларимда асосан қилғилиққа нима сабаб бўлганлигига, унинг таг замирида қандай муаммо ётганини ўрганишга ҳаракат қиламан. Умуман олганда, халқ дардида яшаш, уни ўрганиш, таҳлил қилиш менга ёқади. Бу ютуқ ҳам халқ дардини тинглаганим ва уларни оммага ҳавола этганим мукофоти, деб биламан. Ҳаётда адолатсизликдан, туҳматдан ёмон нарса йўқ. Ана шундай одамларни учратсам, уларга ёрдам бергим келади. Ўзимга бўлган адолатсизликларга кўз юмишим мумкин, бироқ жамиятда қийналган инсоннинг ёнидан шунчаки ўтиб кетолмайман. Бу қон-қонимга сингиб кетган туйғу. Тўғри, танқидчиман. Аммо бу мукофот мени танқиддан тўхтатолмайди. Кўп ўйлайман, журналистга мукофот керакми ўзи? Керак, у журналистга қанот бўлади. Эътироф, яхши сўз кимга ёқмайди. Бу кишини янада яхши ишлашга чорлайди. Оилада саккиз нафар фарзандмиз. Онам оддий бажарган уй юмушларимиз эвазига, «Баракалла, сен бўлмаганингда нима қилардик», дерди. Мана шу мақтов доим мени олдга бошлаган, доим ҳаракатда бўлишга ундаган. Бугунги мукофот ҳам «баракалла»нинг маҳсули.
Соҳиба Акромова, »Севимли» телеканали мухбири:

–Ушбу танловга асосан танқидий, таҳлилий руҳдаги материалларимни топширган эдим. Сўнгги вақтларда Халқ қабулхоналари билан ишладим. Аҳоли мурожаатларини ўрганиб, ҳали журналистлар қиладиган иш кўплигининг гувоҳи бўлдим. Чин маънода бугун журналистлар халқ билан ҳукумат ўртасида кўприк вазифасини бажаряпти. Одамларнинг журналистларга бўлган ишончи ортган. Кўча-кўйда интервью олиб юрганимизни кўрган фуқаролар дарҳол ёнимизга келади, муаммосини бизга айтади. Уни оммага чиқаришда, ҳал этилишида биздан кўмак кутади. Биз мана шу ишончни йўқотиб қўймаслигимиз лозим. Шу билан бирга бунёдкорлик ишлари ҳамда ёшларга берилаётган имкониятларни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.
ЎзА мухбири Д.Маматова ёзиб олди.