Мукофот – янги чўққилар сари чорлайди
Президентимизнинг 2024 йил 24 августдаги фармонига асосан Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари, давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари – унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Мукофотланганлар қаторида Наманган вилоятидан ўн тўрт нафар фидойи ҳамюртимиз ҳам эътироф этилди. Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да юрт фидойиларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, сенаторлар ва депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда, Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов юксак мукофотлар соҳибларини табриклаб, Ватанга садоқат билан қилинган хизматлар эътибордан четда қолмаслигини қайд этди.


Тадбирда мамлакатимиз раҳбарининг тегишли фармони ўқиб эшиттирилиб, давлат мукофотлари эгаларига тантанали суратда тақдим этилди. Мукофотланганлар номидан сўзга чиққан Давлатобод туманидаги 81-сонли умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аълохон Абдуалимов, Уйчи туманидаги “Mega Tekstil” масъулияти чекланган жамият ип йигирувчиси “Дўстлик” ордени соҳиби Раънохон Бекмирзаева ва бошқалар кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорлик изҳор қилди.
– Қарийб эллик икки йил давомида қурилиш соҳасида оддий ишчиликдан тортиб, раҳбарлик лавозимигача бўлган машаққатли, аммо, шарафли йўлни босиб ўтдим. Устазода қурувчилар сулоласининг учинчи вакили сифатида ортда қолган фаолиятимдан беҳад хурсандман, – дейди Тўрақўрғон туманидаги “4-қишлоқ қурилиш комбинати” масъулияти чекланган жамият кузатув кенгаши раиси Аҳмаджон Фозилов. – Камтарона меҳнатларим юрт етакчиси томонидан юксак баҳоланиб, “Дўстлик” ордени топширилгани ғайратимга ғайрат, кучимга янада шижоат бағишлади. Айтишим керакки, бугунги қурилишни бундан етти-саккиз йил аввалги даврга асло солиштириб бўлмайди. Соҳага татбиқ этилаётган инновацион ва энерготежамкор технологияларнинг қўлланилиши, соҳага рақобатбардош кадрларнинг кириб келиши сифат ҳамда самарадорлик ошишига катта туртки берди.


Шунингдек, тантанали тадбирда Президент соврини учун ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, жами 800 миллион сўм пул мукофоти ва Буюк Британияга бир ҳафталик бепул таълим саёҳати йўлланмасига эга бўлган Чортоқ туманидаги 53-мактаб жамоаси ҳамда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида минифутбол бўйича уюштирилган Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги финал босқичида кумуш медални қўлга киритган Наманган шаҳридаги Дамбоғ маҳалласи жамоаси вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Тадбир “Шодиёна” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони атрофида давом этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.