Мукофот менга юксак масъулият юклайди
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик, умуман, инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юртимиздаги барча аёлларни қувонтиради.
Бугун мен ана шу эътиборни камтарона меҳнатларим эътирофи мисолида яна бир бор ҳис этдим. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим, кўрсатилган эътибор, эътирофдан бошим кўкка етди.
Айни кунда Андижон шаҳридаги мавжуд 94 та маҳаллада 86 мингдан ортиқ оила таркибида 430 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шундан 205 минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир. Қарийб 10 йилдан буён оила ва хотин-қизлар тизимида ишлаб келаман. Фаолиятим давомида опа-сингилларимизнинг қувончу ташвишларига шерик бўлишга, айниқса, уларнинг муаммоларини имкон қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламан.

Масалан, ўтган 2024 йил бошида ўтказилган хатлов давомида шаҳримиздаги 10 минг 50 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, йил якуни билан уларнинг барчасига зарур ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 3 минг 201 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 751 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 261 нафари вақтинчалик ишларга жалб этилди, 1 минг 946 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Шундан 260 нафар хотин-қизга уй шароитида ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш учун субсидия асосида тикув машинаси, 50 нафарига инкубация ускуналари берилди.
Бундан ташқари, фаолиятимда оилаларни мустаҳкамлаш, турли сабаблар билан ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш, ёшларга оиланинг муқаддаслигини тушунтириш, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаман. Шу боис, мазкур йўналишларда ҳам натижаларимиз ёмон эмас.
Юқоридаги, умуман, фаолиятимиз йўналишидаги ишларни амалга оширишда шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёл” ҳаракати аъзолари, отинойилар, бўлимимиз билан яқин ҳамкорлик қиладиган фаол опа-сингилларимизнинг, бой ҳаётий тажрибага эга фахрийларимиз, бувижонларимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу ўринда айтишим керакки, менга берилган мукофотни ана шу инсонларга, бутун жамоамизга берилган мукофот, деб биламан.
Мукофот билан тақдирланганлигим, меҳнатларим эътирофидан қалбимдан кечаётган қувонч ва туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалай олмайман. Лекин эртани эрта, кечни кеч демасдан астойдил қилган меҳнатларим эътирофидан, эл-юрт, кенг жамоатчилик, одамларнинг орасида ҳурмат-эътибор топганлигимдан беҳад мамнунман. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Қолаверса, оилам тинч, фарзандларим бағримда. Уларнинг кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Менимча, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Берилган мукофот менга куч, шижоат беради, зиммамга улкан масъулият юклайди. Бундан кейинги фаолиятимда кўрсатилган эътиборга, Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтаришга, юртимиз равнақи, оилалар тинчлиги, муҳтарама опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини мустаҳкамлаш йўлида янада фаол ишлашга ҳаракат қиламан.
Наргизахон Деҳқонова,
Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари,
Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
ЎзА