Мукофот ҳар биримизга масъулият юклайди
Эътироф
8 март –Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида бухоролик 16 нафар аёллар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Бухоро давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари доктори Лайло Шарипова ҳам бор. Устознинг юзидаги табассум, хурсандчиликни кўриб, уларни суҳбатга чорладик.
– Ўқитувчилик фаолиятимни 1990 йилда Бухоро давлат педагогика институти ўзбек адабиёти кафедрасида бошлаганман, – дейди Лайло Шарипова. – Улуғ устозларим билан сафдош бўлиб ишлаш осон эмасди, чунки, уларнинг билимлари кенг, илмлари уммон. Улар билан елкама-елка ишлаш осон кечди, чунки, улар камтар, меҳрибон, ҳаёт моҳиятини чуқур англаган, одамийликдан сабоқ бера оладиган инсонлар. Устозларим умрларини, ҳаётларини илм-фан, таълим равнақига сарфлаган олим, педагог сифатида ҳозиргача менга ибрат.

Бугун дунё глобал муаммолар гирдобида. Шундай серташвиш асрда Президентимиз тинчлик муҳимлигини таъкидлаб, дунёни илм-фан қутқаришини, Учинчи Ренессанс нажот топиб берувчи муҳим омиллигини, китоб интернет тўридан ёшларни қутқариб қолувчи тенгсиз қудрат эканини ҳар биримизга қайта-қайта уқтираётгани саодатдир.
Президентимиз мамлакатимиз аёл-қизларини қутлар эканлар, “Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ, албатта, бахтли бўлади. Шу боис, ҳар бир оиладаги қизларимиз боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратамиз”, – деганларида кўнглим тўлқинланиб кетди. Бу оналаримизга таскин, бу аёлларимизни давлат даражасидаги руҳий, маънавий-маърифий, қолаверса, моддий қўллаб-қувватлов ахир. Ахир, аввало, оналар, қолаверса илмли, маърифатли аёллар камарбаста бўлса, таълим-тарбия жой-жойига тушишини ҳар бир оила тўлиқ идрок этсагина Ватанимиз дунё давлатлари орасида энг кучли давлатлардан бири сифатида доимо қад ростлаб туради. Бу жуда муҳим. Ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан камолотга эришиши фақат устозларгагина эмас, аввало, оналарга ҳам боғлиқ.
Менга берилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини вилоятимиз ҳокими Ботир Зарипов топширганида елкамга катта масъулият юкланганини ҳис қилдим. Мукофотни таълим равнақига, аёл-қизлар маърифати юксалиши йўлида бор иқтидоримни, бор илмимни сарфлашим лозимлигини англаган ҳолда қабул қилиб олдим.
Бундан севинган яна бир жиҳатим, синф раҳбарим, адабиётни англатган устозим Саодат Тошева билан бирга тақдирландим, устозим билан ёнма-ён турдим. Ёшларимиз, сизлар биздан кучлисиз, биздан қобилиятлисиз, биздан илғорсиз, насиб бўлса. Чунки сизлар мустақил Ватан ардоғида ўсдингиз. Буни асло унутманг.
ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди