Муҳтожларга мурувват
Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали томонидан кенг кўламли хайрия тадбири ўтказилди.
3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида вилоятнинг турли ҳудудларидаги 420 дан зиёд хонадонга кирилиб, эҳтиёжманд оилалар, етимлар, беморлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёлғиз яшаётган нуронийларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли совға-саломлар топширилди.

– Муқаддас динимизда мискин бир инсоннинг кўнглини шод этиш энг улуғ амаллардан саналган, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи Нурсултон Абдуманнонов. – Айниқса, муҳтож кишилар, тўшакда ётиб қолганлар ҳолидан хабар олиш, уларни йўқлашнинг савоби жуда каттадир. “Вақф” фонди кўмагида ташкил этилган мазкур тадбиримиз туфайли юзлаб оилаларга қувонч улашилди, меҳр-мурувват кўрсатилди. Шу билан бирга ушбу хайрли ташаббус аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, саховатпешалик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

Вилоятда халқаро ногиронлиги бўлган шахслар кунига бағишланган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири