Муҳожирлар Гуантанамога етказилди
Ноқонуний муҳожирлар ўтирган биринчи самолёт АҚШдан Гуантанамо томон учиб кетди, дея хабар тарқатди ABC телеканали Қуролли кучлар Транспорт қўмондонлиги расмийсига таяниб.
Аввалроқ Америка оммавий ахборот воситалари 300 дан зиёд америкалик аскар ва денгиз пиёдаси ноқонуний мигрантларни жойлаштириш учун ҳарбий базани тайёрлаётгани, вақтинча ҳибсда ушлаб туриш чодирлар ўрнатилаётгани ҳақида ёзган эди.
– Муҳожирларни Гуантанамо қамоқхонасига олиб борадиган илк самолёт аллақачон йўлга чиқиб, сешанба куни кечқурун манзилга қўнди, – дейилган телеканал сайтида эълон қилинган мақолада. – C-17 ҳаво кемаси кам сонли мигрантларни олиб, Техаснинг Эль-Пасо шаҳридан ҳавога кўтарилган.
Президент Дональд Трамп аввалроқ Пентагон ва Миллий хавфсизлик департаментига энг хавфли ноқонуний муҳожирларни сақлаш учун ушбу машҳур ҳарбий базада 30 минг кишилик иммиграция маркази тайёрлашни кўзда тутувчи фармонни имзолаган эди.
Кубанинг Гуантанамо қамоқхонасида худди шу номдаги АҚШ ҳарбий базаси жойлашган бўлиб, ўша жойда 2001 йил 11 сентябрдаги хуружлардан кейин халқаро террорчилар учун қамоқхона очилган. Тез орада муассаса маҳбуслар судсиз ушлаб турилгани ва қийноққа солингани учун ҳуқуқ ҳимоячилари танқидига учраган. Қамоқхонада жами 800 га яқин одам сақланган.
10 йилдан кўпроқ вақт аввал собиқ Президенти Барак Обама Гуантанамони ёпиш тўғрисида фармон чиқарган. Афсуски, Конгресс ташаббус молиялаштирилишини маъқулламагани учун ҳужжат ижро этилмай қолган. Кейинги раҳбар Дональд Трамп фармонни расман бекор қилса-да, объектга янги маҳбус келтирилмаган. Жо Байден маъмурияти ҳибсхонани ёпиш истагини билдирган, аммо Трампнинг янги муддати бошланишига қадар турмада ҳали 15 нафар маҳбус қолган эди.
С.Раҳимов, ЎзА