Муҳим тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгашида “Касаба уюшмалари тизимидаги бошланғич ташкилотлар, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишлари ҳамда вилоят Кенгаши Конференциясига тайёргарликнинг бориши” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайлов йили сифатида эълон қилинган бўлиб, Федерациянинг Навоий вилоят Кенгашида ҳам ушбу муҳим жараён доирасида кенг кўламдаги ишлар олиб борилди.

– Федерация Бош Кенгашининг “2025 йилда ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарларда, тармоқларда ҳисобот-сайлов жараёнлари ташкил этилди, – деди вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Январь ойида ташкил этилган ўқув-семинарларда 1400 нафардан ортиқ бошланғич ташкилот раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди. Февраль-апрель ойларида эса вилоятимизда 1540 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилиб, уларда умумий ҳисобда 69 минг 872 нафар ходим фаол иштирок этди. Таҳлилларга кўра, ташкилотларда сайланган раисларнинг 68,8 фоизи олий маълумотли, 69,8 фоизи 30-50 ёш оралиғида, 50,8 фоизи педагог мутахассислар, 38,7 фоизи хотин-қизлардан иборат. Шунингдек, 213 нафар раис илк бор сайланди. Май ойида эса тармоқларнинг шаҳар, туман ва вилоят ташкилотлари, бирлашган қўмиталар ўз ҳисоботларини тақдим этди. Бу жараёндаги фикр ва таклифлар эса кейинги беш йиллик фаолиятимизнинг стратегик йўналишларини белгилашда асос бўлади.

Матбуот анжуманида жорий йилнинг 7 июль куни Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгашининг IX Конференцияси ҳақида ҳам қисқача маълумот берилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири