Мудом янграб турсин ўзбек деган ном
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Китобхон оналар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар ҳамда ҳудудий ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари иштирок этди.
Маълумки, жорий йилнинг 1 июнь куни давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони асосида юртимиз ижодкор зиёлиларининг катта гуруҳи Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари, унвонлари билан тақдирланган эди. Улар сафида мамлакатимизнинг бир гуруҳ ижодкор аёллари ҳам борлиги диққатга сазовор.

Миллий кутубхонада ташкил этилган “Мудом янграб турсин ўзбек деган ном” шиори остида ўтган тадбирда Президентимиз томонидан маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида мукофотланган ижодкорлар таклиф этилди.

Маърифий тадбирда шоира ва адибаларимизнинг халқ маънавиятини юксалтириш, миллий маданиятимизни дунёга танитиш ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссалари алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш йўлидаги хизматлари билан ажралиб турган аёлларнинг ўрни таъкидланди.
Мукофот соҳибалари аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, бу эътироф уларни янада самарали ижод қилишга ундашини қайд этди.
Н.Усмонова,
ЎзА