Мудофаа вазири ўринбосари Сурхондарёда
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида “Миллий армиямиз ёшлар нигоҳида” шиори остида “Мудофаа вазири ўринбосари ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Ҳамдам Қаршиев билан очиқ мулоқотда туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими мутасаддилари, ўқитувчилар, 2-касб-ҳунар мактаби ҳамда 1-ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари иштирок этди.
Учрашувда кейинги йилларда Қуролли Кучлар тизимида юз бераётган янгиланишлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, буюк аждодлар анъанасига садоқат руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни улғайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мудофаа вазирлиги таъсисчилигида ташкил этилаётган мазкур ҳаракат давлат муассасаси бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялайди. Эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакати, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни камолга етказиш каби улуғвор ишларга хизмат қилади. Давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиб, ёш авлодни турли хавфли ғоялар ва ташқаридан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилади.
Янги муассасага ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш сингари муҳим вазифалар ҳам юкланган. Очиқ мулоқот чоғида Вазир ўринбосари қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритди. Ўқувчи-ёшларнинг ихтиёрийлик асосида отрядга аъзо бўлиш тартиблари ва уларнинг келгусида ҳарбий олий ўқув юртларига киришида берилаётган имтиёзлар тўғрисида маълумот берди.
–Бизнинг ёшлик давримизда ҳарбийлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини тинглаш ушалмас орзу эди, – дейди 2-касб-ҳунар мактаби чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Илҳом Жўраев. –Эндиликда ёшлар ҳарбий қисмларда бўлиб, тинчлигимиз посбонларининг ҳаёти, замонавий техника ва қурол-аслаҳалар билан ҳам танишмоқда. Бундай ўзгаришлар ўқувчи-ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқиш ва интилишини янада ошираётир. Ўқувчиларимнинг тўрт нафари жорий йилда олий ҳарбий билим юртида ўқиш истагани билдириб, ҳужжат тайёрлагани бунга яққол далилдир.
Учрашувда ёшларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА