Мудофаа бўлими учун янги жиҳозлар
Бухоро вилояти Шофиркон туман мудофаа бўлими замонавий техника воситалари билан таъминланди.
Туман ҳокими Алишер Файзиллоев Мудофаа бўлими ходимлари билан ўтказилган мулоқот давомида ушбу техника воситаларни тантанали равишда топшириб, соҳа ходимларининг хизмат фаолиятини қўллаб-қувватлаш доимий эътибор марказида эканини таъкидлади.


Мазкур ташаббус доирасида жами 50 миллион сўм маблағ ҳисобидан 5 та замонавий компьютер жамланмаси, 1 дона электр генератори, шунингдек, кузатув камералари фаолиятини самарали назорат қилиш мақсадида 43 дюймли телевизор тақдим этилди.
Мулоқот жараёнида туман ҳокими соҳа ходимлари билан самимий суҳбат қуриб, уларнинг хизмат шароитлари, мавжуд муаммолари, моддий-техник эҳтиёжлари ҳамда келгуси режалари ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, юрт тинчлиги, аҳоли хавфсизлиги ва барқарорликни таъминлашда мудофаа бўлими ходимларининг масъулияти ниҳоятда юксак эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири