Муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда
Қашқадарё вилоятида тузилган 917 та сайлов участкасида сайловчилар муддатидан олдин овоз беришлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Дастлабки куннинг ўзида вилоятда 31 киши ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган бўлса, бу жараён давом этмоқда.
Қашқадарё вилоятида тузилган 917 та сайлов участкасида сайловчилар муддатидан олдин овоз беришлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Дастлабки куннинг ўзида вилоятда 31 киши ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган бўлса, бу жараён давом этмоқда.
Қарши шаҳри Ислом Каримов кўчасида истиқомат қилувчи Асрор Аллаёров сайлов куни хизмат сафарида бўлиб, ўз яшаш жойида бўлмаслиги боис ўзи яшаётган ҳудуддаги 125-Қарши сайлов округи ҳудудидаги 11-сайлов участкасига келди. Сайлов комиссияси раиси номига сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари кўрсатилган аризани бериб, муддатидан олдин овоз берди.

Муддатидан олдин овоз берган сайловчининг бюллетенлари елимланган конвертларда сайлов участкаси комиссиясининг икки нафар аъзоси томонидан имзоланиб, муҳрланди ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланди.
–19-20 декабрь кунлари Ҳиндистонда ўтказиладиган ҳинд-ўзбек маданияти кунларида иштирок этаман, – дейди А.Аллаёров. – Катта эҳтимол билан сайловга улгуролмаслигим мумкин эди. Шу боис муддатидан олдин овоз бериш имкони яратилгани мен учун айни муддао бўлди.
Қарши туманидаги Мустақиллик қишлоғида яшовчи Нодира Зойирова ҳам сайлов куни чет элда бўлади. Шу сабабли, муддатидан олдин ўзи танлаган номзодга овоз берди. 56-умумтаълим мактабида ташкил этилган 128-Нишон сайлов округига қарашли 193-сайлов участкасига ариза билан мурожаат қилиб, сайлаш ҳуқуқидан фойдаланди.

– Мамлакат келажагига, юртимизда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон сайловларда, албатта, иштирок этиши шарт деб ҳисоблайман, – дейди Н.Зойирова. – Гарчи сайлов кунида бошқа юртда бўлсам-да, ўзим муносиб деб билган номзод учун овоз берганимдан хурсандман.
Эслатиб ўтамиз, сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш 18 декабрь куни соат 18.00 га қадар давом этади.