Муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилмоқда
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Д. Юлдашев туман ва шаҳарларда фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда. Унда туман ҳокимлиги, халқ қабулхонаси масъуллари, сектор ишчи гуруҳи иштирок этмоқда.
Пешку тумани 4-секторга қарашли “Боғимусо” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан озиқ-овқат, дори-дармон, кўмир маҳсулотлари, ички йўлларни шағаллаштириш ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар йўлланди. Уларнинг аксарияти сайёр қабул жараёнида ижобий ҳал этилди.
Ромитан тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтказилган сайёр қабул ҳам фуқаролар учун фойдали бўлди. Аҳоли томонидан йўлланган 13 та мурожаатнинг 11 таси қабулда ҳал этилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 4 нафар фарзандларига қишки кийим-кечак ва 7 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Бундан ташқари, сайёр қабулда озиқ-овқат ҳамда меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.
[gallery-15117]
Шофиркон тумани “Тезгузар” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтказилган қабулда 15 га яқин мурожаатлар тингланди. Масалаларнинг 8 таси жойида ҳал этилди. Шу куни эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ечимига муайян вақт ва ўрганишни талаб қиладиган масалалар бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.