Муаммолар жойида, тез ва самарали ҳал этилмоқда
Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят Халқ қабулхонаси, вилоят судлари раислари, прокуратура, оила ва хотин-қизлар, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ички ишлар, адлия тизимлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Мамлакатимизда халқ манфаатига хизмат қиладиган улкан бунёдкорлик ислоҳотлари амалга оширилиши билан биргаликда аҳолининг дунёқараши, турмуш тарзи ўзгара бошлади. Сайёр қабуллар, “маҳаллабай” ўрганишлар орқали барча турдаги раҳбарлар халқ билан янада яқинлашиб, мавжуд муаммоларнинг аниқ таҳлили вужудга келди.
Бу Жиззах вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари ва туманларда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга самарали ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Янгиобод туманида ўтказилган ушбу оммавий сайёр қабул мисолида яққол намоён бўлди.
[gallery-7661]
– 1995 йилда Янгиобод тумани Пучуғой қишлоғига қўшни давлатдан келин бўлиб тушганман, – дейди мурожаатчилардан бири Юлдуз Нарзуллаева. – Шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш имкони бўлмаган. Бугунги сайёр қабулда яшаганлик фактини белгилаш масаласида иштирок этдим. Муаммо ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Мурожаатчиларнинг 62 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 10 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Мазкур оммавий сайёр қабул давомида вилоят судлари раис ва ўринбосарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хулоса қилиб айтганда, сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида, тез ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда давлат органлари ва ташкилотлари олдига вазифалар қўяётгани ва ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга ундаётгани билан муҳим аҳамият касб этаётир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА