Муаммолар сайёр қабулда ҳал этилди
Ҳудудларни иқтисодий фаол ҳудудга айлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Оқолтин туманларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, тадбиркор аёллар билан учрашиш ҳамда уларнинг муаммоларини ўрганиш учун Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ташриф буюрди.
Ташриф давомида Бош вазир ўринбосари тадбиркор аёллар билан бевосита мулоқот қилди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган сайёр қабул ташкил этилди.

Сайёр қабулда 32 нафар тадбиркор аёл иштирок этди. Мурожаатлар масъул ташкилотлар билан атрофлича кўриб чиқилди. Натижада 18 нафар тадбиркорнинг масалалари жойида ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар бўйича эса тегишли идораларга аниқ топшириқлар йўналтирилди ва ижроси қатъий назоратга олинди.

– Мирзаобод тажрибаси асосида ўтказилган бу галги сайёр қабулда тадбиркор аёллар эришган ютуқлар ва уларни қийнатаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди, – деди Оқолтин туман ҳокими ўринбосари ва оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева. – Масалан, ратан стол ва стул ишлаб чиқарувчи оқолтинлик тадбиркор аёл Дилбар Турдиева туман ҳокимлиги томонидан жой билан таъминлангани, бироқ унга фаолиятини янада кенгайтириши учун қўшимча жой масаласида мурожаат қилди. Бу масала ўрганилиб, тегишлича тартибда ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, Африка лаққа балиғини интенсив усулда парвариши билан шуғулланаётган яна бир тадбиркоримиз Озодахон Даминова ҳам фаолиятини кенгайтириш ва бошқа турдаги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ер ажратиш масаласини кўтарди. Бу борада аниқ тушунтириш берилди.
Сайёр қабулда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Давлат активларини бошқариш бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Халқ банки, Агробанк ҳамда Фуқароларга ҳуқуқий далолатнома ёзиш бошқармаси ходимлари иштирок этишди.
Тадбиркорлар кўпроқ имтиёзли кредит олиш масаласини кўтарди.
Ҳар бир мурожаат бўйича ҳужжатлаштириш, банк хизматлари ва бошқа амалий масалалар бўйича ҳам тегишли маслаҳатлар тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири