Муаммолар гирдобида қолмаслик лозим
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Экобозор ёнидан пиёда ишга қатнайман. Ўша жойдаги чорраҳада машиналар қатновини кутиб ҳам қоласан. Куни кеча бир воқеанинг гувоҳи бўлдим.
Катта юк машинаси қоп-қора тун чиқариб ўтиб қолди. Кўриб, ҳайрон қолдим. Мана ҳар куни ижтимоий тармоқлар, телеканаллар Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда 8 ўринга чиқди деб, бонг урмоқда. Маълумотларга кўра 3 ва 11 январларда соат 8:00 ҳолатига кўра пойтахт ҳавосида PM 2,5 майда дисперс заррачалар миқдори ЖССТ тавсия қилгандан 10,2 марта ортиб, 51,0 м кг/3 ни ташкил этган.
Ҳа, бугунги Тошкент бундан ўн йил олдинги пойтахтдан буткул фарқ қилади. Тўғри, кўчалар автомашиналар билан тирбанд. Осмонўпар бинолар ҳам кўпайди. Ўйлаб қоламан, қани шаҳримизнинг азим чинорлари? Шаҳримизнинг кўрки бўлган минглаб бебаҳо дарахтлар қани?
Ҳаводаги турли хил заҳарли газларни, заҳарли моддаларни ютишда дарахтларга тенг келадиган бебаҳо неъмат йўқ. Тошкент шаҳри осмонига бир зумгина назар ташланг. Осмонимизни туман, чанглар қоплаб олган. Хаёлимизда ҳаво бугун булутлига ўхшади, деб ўйлаймиз. Ҳақиқатда эса, ифлосланган ҳавони кўриб, ташвишланиб кетасиз. Бу ҳолни деярли кунда кузатиш мумкин бўлиб қолди. Осмонимиз сариқ чанг тусига кирган, бу бизни, пойтахтимиз аҳолисини бефарқ қолдирмаслиги лозим.

Биз аллақачон ифлосланган ҳаводан нафас олиб, турли хил касалликларга чалинаётган бўлсак, ажабмас. Таъкидлаш жоизки, бундай салбий ҳолатлар биргина Тошкент шаҳридагина эмас, бутун республикамизда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида эсаётган кучли шамоллар таъсирида ҳавога кўтарилган қум-туз аралаш чанг тўзонларга инсонлар кўникиб бўлган. Ўтган асрнинг 1970-1980 йиллари кўрганларим ҳамон кўз ўнгимда.
Бозор момомнинг салкам 40-50 ёшларга кирган гужум, оқ тут, жийдазорлари бир ҳафта ичида таг-томири билан қўпориб ташланди. Бу пахта далаларини кенгайтириш учун қилинган иш эди. Амударёни Хоразм томони қирғоқларини, шоли етиштириш майдонларига айлантириш учун туронғил дарахтларини катта бульдозер тракторлари билан суғуриб ташладилар.
Орол денгизни йўқотдик. Натижасини кўриб турибмиз, ўша даврдаги олимларнинг ташвишланиб Орол денгизи тобора қуриб бораётганлиги агарда буни олди олинмаса оғир оқибатларга олиб келишини айтганларида, тепада ўтирган раҳбарлар фақат “оқ олтин” ҳақида бош қотирганлар. Бугун шўродан қолган ўша “мерослар” сафига режасиз қурилишлар, дов-дарахтларнинг аёсиз кесилиши, сифатсиз ва сон-саноқсиз бетон йўлаклар, ис ва турли газлар, иқлим, хуллас, бир олам бошқа факторлар қўшилиб экологик хавф билан юзма юз турибмиз.
Энг асосийси, бундай вазиятга тушиб қолишимизга сиз ҳам, мен ҳам – ҳаммамиз сабабчимиз. Ҳушёр бўлайлик, табиатга етказилаётган ҳар бир азият, хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик одамзотнинг ўзига улкан мусибат бўлиб қайтиши муқаррар. Шу юртнинг фарзанди эканмиз, унинг бугуни, эртаси учун масъуллигимизни ҳис қилиб яшашни ўрганайлик.
Марҳамат Матвафаева,
биология фанлари номзоди
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси,
ЎзА