Муаммолар ечими йўлидаги очиқ мулоқот
Тошкент вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари томонидан Нурафшон шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур сайёр қабул аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, фуқаролар мурожаатларини тинглаш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди. Унда қурилиш сифати, кўп қаватли уйларни бошқариш, коммунал хизматлар, ноқонуний қурилиш ҳолатлари, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда уй-жой соҳасига оид бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.


Хусусан, жараёнда 70 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, жами 55 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг асосий қисмини Бошқарув сервис компаниялари фаолияти, техник хулоса олиш, объектларни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига оид масалалар ташкил этди.


Қабул давомида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар инспекция раҳбарияти ва мутасадди ташкилотлар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Айрим мурожаатларга жойида ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ёрдам берилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар тегишли масъулларга бириктирилиб, ижроси назоратга олинди. Жумладан, фуқаро Жўрабек Мажидов томонидан Чирчиқ шаҳри "Лол" МФЙ ҳудудида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш биносини рўйхатдан ўтказиш масаласи юзасидан мурожаат қилинди. Шу бўйича мутасадди ташкилотларга тегишли тартибда ўрганиш ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан топшириқлар берилди ва шу куннинг ўзида масала ижобий ечим топди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг соҳага оид мурожаатларига тезкор муносабат билдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

А. Мусаев, ЎзА