Муаммо идорада эмас, маҳаллада ҳал бўлмоқда
Ер ҳужжатини расмийлаштириш, кадастр паспортини олиш ёки кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун идорама-идора сарсон юриш даври ортда қолмоқда. Сирдарё вилоятида кадастр тизими фуқарони кутишни эмас, унинг олдига боришни танлади. Энди мурожаатлар маҳаллаларнинг ўзида қабул қилиниб, кўплаб масалалар жойида ҳал этилмоқда. Онлайн мулоқотлар ва жонли телеэфирлар эса давлат хизмати билан аҳоли ўртасидаги масофани янада қисқартирмоқда.
— Бунинг амалий натижаси вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилаётган сайёр қабулларда яққол намоён бўлмоқда, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамшид Абдуллаев.
Унинг таъкидлашича, ер муносабатлари, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкий ҳуқуқларни эътироф этиш ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар бевосита маҳаллаларда қабул қилиниб, имконият доирасида шу жойнинг ўзида ҳал этилмоқда.

Бунинг ёрқин мисоли Сирдарё туманининг чегарадош ҳудудида жойлашган «Заршунос» маҳалласида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабул бўлди. Унда соҳа раҳбарлари, мутахассислар, маҳалла аҳли ва фаоллар иштирок этишди.
Қабул давомида ер ажратиш, ер участкаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, чегараларни аниқлаштириш, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга оид мурожаатлар кўриб чиқилди. Уларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар эса назоратга олиниб, ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Сайёр қабуллар билан бир қаторда давлат хизматлари ҳам аҳолига янада яқинлаштирилмоқда. Мутахассислар маҳаллаларга чиқиб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ер муносабатларига оид ҳуқуқий маслаҳатлар бермоқда. Зарур ҳолларда эса фуқароларнинг хонадонларига бориб, мурожаатларни жойида ўрганиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.
Айниқса, ёши улуғ, ногиронлиги бўлган ёки саломатлиги туфайли қабулларга кела олмайдиган фуқаролар учун ташкил этилган уйма-уй хизмат аҳоли томонидан катта мамнуният билан қарши олинмоқда.
— Мурожаатлар билан ишлашда рақамли имкониятлардан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Ҳар ҳафта жума куни соат 15:00 да бошқарманинг расмий ижтимоий тармоқлари орқали ўтказиладиган «Онлайн аудио мулоқот»да раҳбарият ва мутахассислар фуқароларнинг саволларига реал вақт режимида жавоб бериб, ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсиялар тақдим этади, — дейди Жамшид Абдуллаев.

Шу кунга қадар 22 та онлайн мулоқот ўтказилиб, уларнинг умумий давомийлиги 420 дақиқани ташкил этди. Натижада 80 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал қилиниб, кўплаб масалаларнинг амалий ечими топилди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотнинг яна бир самарали майдони — ҳар ҳафта жума куни соат 18:30 да ҳудудий телевидение орқали эфирга узатиладиган «Очиқ мулоқот» кўрсатувидир. Жонли эфир давомида телефон қўнғироқлари ва ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб берилади. Қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар эса назоратга олиниб, ижроси таъминланади.

Эфирларда кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамли хизматлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда аҳоли учун яратилган қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берилади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш билан бирга мурожаатларнинг тезкор ва самарали ҳал этилишига хизмат қилмоқда.
Бугун Сирдарё вилоятида давлат хизматларини фуқарога яқинлаштиришга қаратилган самарали тизим шаклланди. Маҳалладаги сайёр қабуллар, уйма-уй хизматлар, онлайн мулоқотлар ва жонли телеэфирлар ягона мақсад — ҳар бир мурожаатни қонуний, адолатли ва тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири