Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижодкорларга катта имкониятлар беради
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди. Тадбирдан кутилган натижа – муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилган янги тизим ва механизмлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш эди.
Анжуманда Адлия бошқармасининг бўлим бошлиғи Акбар Аҳроров Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, унинг ижод аҳли учун яратиб берган ҳуқуқий кафолатлари ва амалий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот бериб, жумладан шундай деди:

– Бугун муаллифлик ва турдош ҳуқуқини таъминлашда рақамли технологияларнинг ўрни ниҳоятда катта. Бу ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш, ижодкорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижод соҳасидаги шаффофликни кучайтириш ва интеллектуал маҳсулотларни адолатли баҳолаш имконини яратади. Шу боисдан ҳам адлия ходимлари бу масалага тўғри ёндашиб, нафақат муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, балки бошқа соҳаларда ҳам қонунийликни таъминлаш устида изчил иш олиб боряпти.
Пресс-турда таъкидлаганидек, мамлакатимизда аҳолининг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги хабардорлик даражасини ошириш, яратилган интеллектуал фаолият натижаларини муҳофаза қилиш жараёнларини рақамлаштириш орқали ортиқча талабларни бекор қилиш ҳамда интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ишончли муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юқорида келтириб ўтилган Қонун билан интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштирилиб, айрим объектлар бўйича экспертиза муддатлари қисқартирилди. Шунингдек, рўйхатдан ўтказиш жараёнларида ортиқча ҳужжатлар талаб этилмаслиги, патент божларини тўлашда қўшимча қулайликлар жорий этилиши ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилган.

Бу эса нафақат ижод аҳли учун, балки тадбиркорлар ва илмий-техник фаолият билан шуғулланувчи мутахассислар учун ҳам муҳим ҳуқуқий кафолатларни яратади. Янги тартиблар интеллектуал мулк соҳасида шаффоф муҳитни таъминлаб, мамлакат иқтисодий ривожланиши ва инновацион юксалишига хизмат қилади.
Пресс-тур иштирокчилари вилоят Адлия бошқармасида яқинда фаолиятини бошлаган “Медиа-марказ” билан танишдилар. Шунингдек, Гулистон шаҳар адлия бўлимида фуқаролар ва тадбиркорлар учун яратилган замонавий қулайликлар, хизмат кўрсатиш тизими ҳамда ФҲДЁ бўлимида йўлга қўйилган кейтеринг хизмати фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Тадбир якунида журналистлар соҳада амалга оширилаётган янгиликлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мутасаддилар билан савол-жавоб тарзида мулоқот ўтказишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири