Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ойлиги қандай ўтказилди?
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг октябрь ойида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ойлиги ўтказилди. Ойлик якунларига бағишланган матбуот анжуманида ҳуқуқбузарликларга қарши кўрилган чоралар, ҳуқуқий тарғибот натижалари ва кейинги вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Кейинги йилларда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди. Жумладан, муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати 50 йилдан 70 йилга узайтирилди, ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон пулини ундириш амалиёти жорий этилди. Маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ойлик айнан шу ислоҳотлар ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва ижодкорлар ўртасида интеллектуал мулкка ҳурмат руҳини шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Адлия вазирлиги томонидан Олий суд, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури асосида ўтказилган ойлик давомида келиб тушган мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича огоҳномалар ҳамда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Асарларнинг контрафакт нусхалари савдосига қарши республика бўйлаб назорат харидлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатларда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.
Нашриётлар, электрон ва аудиокитоблар яратувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқ эгаларининг мурожаатлари асосида ўрганилди. Бозорлар, савдо мажмуалари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш шохобчалари, телерадио ташкилотлари ва фонограмма тайёрловчиларда эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилди.
Интернетда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ноқонуний тарқатилиши Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Ўзкомназорат” инспекцияси билан ҳамкорликда мониторинг қилинди ва ноқонуний веб-саҳифалар фаолияти чекланди.
ЭҲМ учун дастурларга бўлган ҳуқуқлар бузилиши ортиб бораётгани сабабли IT-компаниялар ва дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иштирокида дастурий маҳсулотларнинг ҳуқуқий ҳимоясига бағишланган семинар ташкил этилди.
Ҳуқуқий тарғиботнинг янги шакллари доирасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий радиовикторина” ва “Ҳуқуқий ахборот” радиолойиҳалари амалга оширилди.

“Ҳуқуқий эслатма” рукнидаги видеороликлар ижтимоий тармоқлар ва телеканалларда намойиш этилди. Янги қонунчилик ҳужжатларини бевосита ишлаб чиққан мутахассислар иштирокидаги интервью ва подкастлар аҳолига етказилди.
Тарғиботнинг рақамли шаклларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга оид тестлар тўплами test.adliya.uz платформасига жойлаштирилди, вазирликнинг ижтимоий тармоқларида овозли суҳбатлар ўтказилиб, аҳоли саволларига жонли жавоб берилди.
Болалар учун bolahuquqlari.uz порталига анимацион видеороликлар, ижодкорлар учун эса “Интеллектуал мулк муҳофазаси” порталига муаллифлик шартномалари намуналари жойлаштирилди.
Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда суд жараёни имитациялари, ҳуқуқий маслаҳатлар, очиқ мулоқотлар ва тренинглар ўтказилди. Умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда “Сенинг ғоянг, сенинг ижодинг, сенинг ҳуқуқинг” мавзусида очиқ дарслар, олий ва профессионал таълим муассасаларида эса “Муаллифлик ҳуқуқи, плагиат ва академик ҳалоллик” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди.
Санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар иштирокида “Муаллифлик – менинг ҳуқуқим” шиори остида флешмоблар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида Олий суд билан ҳамкорликда судьялар учун семинар-тренинг ўтказилиб, унда низоларни кўриш, зарарни ҳисоблаш, компенсация белгилаш ва далилларни баҳолаш масалалари муҳокама қилинди.
Ойлик давомида аниқланган муаммолар ва билдирилган таклифлар умумлаштирилди. Бу ушбу йўналишдаги фаолиятда инобатга олинади.
Н.Абдураимова, ЎзА