Ис гази инсон ҳаёти учун хавфли
Куз-қиш мавсуми кириб келиши билан хонадонларни иситиш, газ ва иситиш мосламаларидан тўғри ҳамда хавфсиз фойдаланиш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Айниқса, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юзага келадиган ис гази билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш барчадан юқори масъулиятни талаб этмоқда.
Шу муносабат билан «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиалида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ва тарғибот ишларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Унда филиал бош муҳандиси ўринбосари Ш.Ниязметов ва бошқа масъул мутахассислар томонидан бугунги кунда ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Жойларда иситиш тизимларини техник кўрикдан ўтказиш ва сервис хизматини кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар сарҳисоб қилинди.

Шунингдек, тадбирга таклиф этилган Нурафшон шаҳар ФВБ бошлиғи З.Турапов ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Д.Асомовлар ҳам сўзга чиқиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда давлат идоралари ва газ таъминоти корхоналарининг ҳамкорликдаги тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этди. Мулоқот давомида таъкидланганидек, ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида аҳоли томонидан турли иситиш мосламаларидан фойдаланиш кескин ортади. Бироқ ёз мавсуми давомида ишлатилмаган, техник кўрикдан ўтказилмаган ҳамда қўлбола ёки ностандарт иситиш қурилмаларини ишлатиш, шунингдек, дудбурон ва мўриларнинг тозалигига эътиборсизлик қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Соҳа мутахассислари ва ФВБ вакиллари иситиш мавсумини хавф-хатарсиз ўтказиш учун муҳим хавфсизлик талабига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтди. Хусусан, фақат мувофиқлик сертификатига эга бўлган иситиш мосламаларини ишлатиш зарур. Қўлбола ва ностандарт мосламалардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Мавсум бошланишидан олдин иситиш тизимларини малакали мутахассисларга текширтириш керак.
Бинолардаги дудбурон ва вентиляция каналларини қурум ҳамда бошқа тўсиқлардан мунтазам равишда тозалаш лозим. Хоналарда доимий ҳаво айланиши (вентиляция) беркитилмаганлигини ва тўғри ишлашини назорат қилиш муҳим.
Агарда ис газидан заҳарланиш бошланганда инсонда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик каби аломатлар кузатилади. Бундай ҳолат аниқланганда дарҳол хонани шамоллатиб, ҳаво алмашинувини таъминлаш, жабрланганларни ва бошқа одамларни тезда тоза ҳавога олиб чиқиш ҳамда зудлик билан тез тиббий ёрдам ва газ хавфсизлиги хизмати телефон рақамларига мурожаат қилиш зарур.
Тадбирда ҳудудий ходимларга бу каби тарғибот ишларини мунтазам ўтказиш борасида тавсиялар берилди.
А. Мусаев, ЎзА