Муҳорабада муваффақият бўлмайди
Ғалабанинг 75 йиллигига
Ғалабанинг 75 йиллигига
Инсоният бир муддат хотиржамлик билан тараққиётга юз тутди. Мисли кўрилмаган техникавий кашфиётлар қилинди. Номига муносиб ўтмишдаги кўргуликлар унутила бошлаганди. Жаҳон аҳлини оёққа турғизаётган коронавирус офати башариятни яна бир бор ҳушёр торттирди. Мақоламиз бу ҳақда эмас, мамлакатлар бошига ундан-да кўпроқ зарар келтирган Иккинчи жаҳон уруши, яна ҳам аниқроғи Жиззах вилоятининг 1941-1945 йилларда ушбу муҳорабага қўшган ҳиссаси хусусида. Нима учун ушбу вилоят ҳақида гап кетаётганини мақоламиз сўнгида билиб оласиз.

1941 йил 22 июнь куни фашистлар Германияси ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани бузиб, собиқ иттифоқ ҳудудига бостириб киради. Уруш ҳақидаги машъум хабар Жиззах вилоятида ҳам яшин тезлигида тарқалади. Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўзларини фронтга сафарбар этилган, деб билдилар.
Жиззах шаҳри ва туман марказларида, жамоа ва давлат хўжаликларида, саноат корхоналари ва мактабларда кўп минг кишилик митинглар бўлиб ўтади. Унда душманни тезроқ тор-мор қилиш юзасидан тадбирлар белгиланади. Шунингдек, барча қийинчиликларга қарамасдан воҳа деҳқонлари фронтга кўпроқ озиқ-овқат етказиб бериш учун барча куч-ғайратларини сафарбар этадилар.

1941-1945 йиллари жиззахликлардан 39 620 нафар киши (Жиззах вилояти тарихи китоби. 1996 й.) урушга сафарбар қилинади. Улар Ленинград ва Сталинград мудофаасида, Беларусь ва Украина ерларини душмандан озод қилиш жангларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. 7 450 нафар киши озодлик учун ўз жонини қурбон қилди. Уларнинг айримлари жанг суронларида бедарак йўқолди. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ, жангга отланганлар орасида Жиззах оҳак заводининг ишчиларидан Нурилло Фоттохов, Абдураҳмон Тошпўлатов, Саид Ашуров, Василий Яковлев, Степан Иванов, Виктор Захаров, шунингдек, ғаллаороллик Узоқ Муроджов, Норбек Ҳайдаров, Нурбек Маҳмудов, Тошпўлат Келдиёров, Файзи Бобоев, Йўлчи Ортиқов, Ғайбулла Ҳамроев ва бошқалар бор эди.

Вилоятда жуда кўплаб хотин-қизлар ҳам кўнгилли бўлиб фронтга жўнашга азми қарор қиладилар. Улар қаторида жиззахлик Анна Тулайкова, Антонина Попова, Бубиражаб Бектагирова, Елезавета Дубляженко сингари жасур аёлларни алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳамма жойларда мудофаа жамғармасига маблағ тўплаш учун ҳашарлар ташкил қилинади. Темир-терсак тўплаш ойликлари ўтказилади. Ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оилаларига ғамхўрлик кучайтирилади. Жамоат ва давлат хўжаликларида ишчи кучи ва техника воситаларининг камлигига қарамай чорва маҳсулотлари етиштириш ва давлатга топшириш режаси ошириб бажарилади.
Муҳими, бу каби жонбозликлар беиз кетмади, буюк ғалабага эришилди. Бугунги авлод ҳам улуғ жасорат ва фидокорликни қадрлаб яшамоқда. Жиззах вилоятида истиқомат қилган ва қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тегишли буюм, анжомлар, хат ва фотосуратлар жамланиб, музей шаклидаги ватанпарварлик бурчаги ташкил қилинди. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида барпо этилаётган Ғалаба боғи ҳудудидаги «Шон-шараф» музейини экспонатлар билан тўлдиришда, жумладан, Жиззах вилояти учун ажратилган ҳудудни жиҳозлар билан бойитишда бу каби саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти катта.

Қолаверса, Маданият вазирлиги тасарруфидаги музейлар ҳам фондларида сақланаётган уруш даврига оид фронт ва фронт ортида ўзбекистонликларнинг ғалабага қўшган улкан хизматлари, мардлик ва жасоратлари, фидойиликлари, бағрикенглиги акс эттирилган тарихий материаллар, ҳужжатлар ва ашёларни беғараз топширмоқдалар. Қилинган ишлар яхлитлаштирилиб, альбом ҳолига келтирилди. Фаол жонбозлик кўрсатиб ишлаётган вилоятларни рағбатлантириш мақсадида, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабага вилоятларнинг қўшган ҳиссаси акс эттирилган экспозициялар бўйича қилинган ишлар юзасидан ҳудудлар кесимида танлов эълон қилинди.
Яратилган экспозициялар бўйича юборилган фотоальбомлар «Шон-шараф» музейини безатиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиб, баҳоланди. Ўринларни белгилашда, ишчи гуруҳ вилоятлар томонидан тўпланган Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ашёлар ва уруш қатнашчилари буюмлари сони кўплиги, берилган маълумотлар ишончлилиги ҳамда буни фотоальбомда қай даражада ёритиб берганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Холис ўрганишлар натижасида, Жиззах вилояти биринчиликни қўлга киритган бўлса, Сурхондарё вилояти иккинчи, Қашқадарё вилояти эса учинчи ўринга муносиб топилди.
"Ватанпарвар" газетаси мухбири
Азиз НОРҚУЛОВ
ЎзА учун махсус тайёрлади