Муҳим ташаббуслар ёшларга қанот бўлмоқда
Биринчи йўналиш ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчи йўналиши доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Биринчи йўналиш ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган. Анжуманда мазкур ташаббус доирасида масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар таҳлил қилинди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, “Ҳунарманд” уюшмаси масъуллари амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳалар хусусида сўзлаб берди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида, олий таълим муассасаларида ёшлар ва маданият марказларида “Орзуимдаги инсон билан учрашишни истайман” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳа доирасида таниқли актёр, спортчи, рассом, ёзувчи, тадбиркорлар иштирокида ёшлар билан учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, “Модул 5“ лойиҳаси ташкил этилди. Унда 5 та ўз соҳасининг етакчиси ёшларга муваффақиятга элтувчи 5 йўлни чизиб беради. Лойиҳа бир ойда бир марта ташкил этилади.
Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида 2 минг 108 ҳаваскор ёшлар театр-студияси ташкил этилди. Ушбу театр-студияларга 198 минг 698 ўқувчи жалб этилган бўлиб, улар томонидан мактаб фаолияти, ижобий ҳамда салбий ўқувчилар образини очиб берувчи саҳна кўринишлари ижро этиб борилмоқда.

Анжуманда таъкидланишича, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон манзаралари” акцияси йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 5 та муҳим ташаббусни 2019-2020 йилларда амалга ошириш доирасида республикамиз ҳудудида фаолият олиб бораётган 312 болалар мусиқа ва санъат мактабида мингдан зиёд синфлар очиш режалаштирилган. Айни йўналишда амалий ишлар қилинмоқда.

Бугунги кунда ҳудудларда 322 маданият марказининг 153 тасида “Ёшлар клуби” фаолияти йўлга қўйилиб, ўқувчи-ёшлар жалб этилди. 2019 йилнинг баҳоридан бошлаб вокал чолғу ансамбли, эстрада хонандалиги, хореография, халқ чолғулари йўналишлари бўйича жами 543 тўгарак ташкил этилиб, унга ёшлар доимий жалб этилган.
Анжуманда бугунги кунга қадар мазкур ташаббус доирасида умумтаълим мактабларида қўшимча 2 минг 241 тўгарак ташкил этилиб, ушбу бепул тўгаракларга 5 минг 600 дан зиёд ўқувчи-ёш қамраб олингани қувонарли экани қайд этилди.