Муҳаббат денгизидан гавҳарлар
“Баҳрул-маҳабба” (“Муҳаббат денгизи”) жаҳондаги машҳур асарлардан саналади.
“Баҳрул-маҳабба” (“Муҳаббат денгизи”) жаҳондаги машҳур асарлардан саналади. Бу муаззам асар бизнинг диёримизда ҳам илм аҳллари томонидан юксак эътироф этилади ва эъзозланади.
Абул Футуҳ Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг азиз қалби ва қаламига мансуб ушбу муҳтарам асар яқинда “Шарқ” нашриётида ўзбек тилида чоп этилди. Асар чин маънода Аллоҳга муҳаббат шарҳидан иборат бўлиб, Қуръони Каримдаги Юсуф сураси тафсирига оид “Дўстлик сирларига тўла муҳаббат денгизидир”.
Китобнинг илк саҳифасида “Бу китоб ўзининг ҳажмича дурру гавҳарга сотилса ҳам, сотган киши зиён кўрган бўлур эди” деб ёзилган. Таржимон Шайх Мирзо Кенжабек бу мунаввар асар ҳақида шундай эътироф этади: “Дарҳақиқат бу “Баҳрул-маҳабба” (“Муҳаббат денгизи”) китоби маънавий жиҳатдан ғоят бебаҳо асардир. Муаллиф Қуръони Каримдаги “Аҳсанул- қасас” (Қиссаларнинг энг гўзали) иборасига асосланиб: “Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом инсонларнинг энг гўзали бўлганлари каби у зот ҳақларидаги қисса ҳам, қиссаларнинг энг гўзали бўлди” деган.
Асарнинг илк саҳифасидаги битикда кўринганидек, кўп олимлар бу китобни ҳазрати Имом Муҳаммад Ғаззолийга нисбат берадилар. Ҳолбуки, Имом Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий асарлари қаторида бу машҳур китоб зикр қилинган эмас. “Жаҳон энциклопедияси: жамланган манбаъ” қомусида бу китоб ҳазрати Аҳмад Ғаззолий қаламига мансуб экани, таснифда келтирилган кўплаб ишқий шеърлар ҳам шоир ва аллома Аҳмад Ғаззолийга тегишли эканлиги айтилади. Биз асос қилиб олган китоб нусхаси эса (ҳижрий 1319) милодий 1901 йилда Бомбей шаҳрида чоп этилган.”
Ушбу ардоқли асар нафақат илмий тафсир, балки бадиий адабиётнинг ҳам олий намунаси сифатида эътирофга муносибдир. Китоб кенг аудиторияга мўлжалланган бўлиб, 5000 нусхада чоп этилган. Таржимонлар Абдулмажид Исҳоқ ва Шайх Мирзо Кенжабек.