МСК раиси фаоллар, ОАВ вакиллари билан учрашди
Жиззах шаҳрида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев маҳалла фуқаролар йиғинларининг бир гуруҳ фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда Жиззах шаҳридаги МФЙ раислари, раис ўринбосарлари, хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилар, ёшлар етакчилари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
МСК раиси жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими асосида бўлиб ўтадиган сайловнинг афзалликлари юзасидан сўз юритди.
[gallery-19144]
Шунингдек, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, сайлов жараёнларида ўзини ўзи бошқариш органларидан иштирок этувчи кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайлов тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан фикр алмашди.
Тадбирда сўзга чиққан маҳалла фаоллари сайлов жараёнлари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув сўнггида МСК раиси Зайниддин Низамходжаев журналист ва блогерларниг саволларига атрофлича жавоб берди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА