“Мўъжизалар даври” хайрия кўргазмаси
Пойтахтимиздаги "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасида Ўзбекистон Волонтерлар ассоциацияси ҳамда Ёшлар итифоқи ҳамкорлигида имконияти чекланган болаларнинг устозлари ва тарбиячилари ёрдамида тайёрлаган ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Унда имконияти чекланган болаларнинг манфаатларига йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошираётган 25 дан ортиқ ташкилот, болалар уйи, махсус мактаб-интернатлар ҳамда жамоат ташкилотлари иштирок этди.
Юртдошларимиз, бизнес, хайрия ташкилотлари вакиллари эътиборини ногирон болалар муаммосига жалб этиш, болаларнинг ижодий ташаббусларини амалга ошириш имкониятларини излаш ҳамда
ижтимоий масъулият тамойилларидан келиб чиқиб уларни амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда ёши кичик бўлишига қарамай муҳим ўринга эга бўлган болалар ўзларининг ижодлари орқали дунёга эзгулик ва ёруғлик келтиришга қаратилган ва қалб меҳри билан йўғрилган ишларини тақдим этди.
Жумладан, улар томонидан 1 минг 500 дан ортиқ ишлар, расмлар, откриткалар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзи буюмлар, батик, мунчоқли буюмлар, аппликация, каштадўзлик буюмлари ва бошқа турфа ишлар тақдим этилди.
Бу болалар ҳаётдан тўлақонли завқланишга имкон бермайдиган турли хил чекловлар билан дунёга келишди. Аммо бу уларга атрофда содир бўлаётган, ҳатто биз сезмайдиган ижобий лаҳзаларни излаш ва топишга халал бермайди. Ижодлари орқали улар ўзларининг атроф-муҳитни қандай идрок этаётганини ифодалайдилар. Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар дунёни шу болалар нигоҳи билан идрок этиш имкониятига эга бўлади. Маъқул бўлган буюмни харид қилар экансиз, унга ёш муаллиф қалбининг бир парчаси ва қўл тафти қўшилганига амин бўласиз.
Кўргазма давомида болалар учун куй-қўшиқлар, шунингдек, болаларнинг ўзлари иштирокидаги қизиқарли шоу-дастурлар тақдим этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА