Мўйноқда бир кун: маҳаллалар, бандлик ва аҳоли мурожаати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Мўйноқ туманида бўлиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида аҳоли билан очиқ мулоқот қилиниб, муаммо ва таклифлар тингланди, уларни ҳал этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Дастлаб халқ вакили туман ҳокими Б.Менглибеков билан учрашди.

Мулоқотда Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, ҳудуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ҳудудни туризмга ихтисослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Айниқса, ҳудудларда аҳоли учун муносиб шароит яратиш, бандликни ошириш ва маҳаллаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Депутатнинг навбатдаги манзили “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлган Дўстлик маҳалласи бўлди. Бу ерда қурилиш ишлари якунига етиб бораётган маҳалла биносида яратилаётган шароитлар кўздан кечирилди. Пудратчи корхона вакиллари ҳамда ишчилар билан мулоқотда “маҳалла еттилиги” учун қулай иш шароитини яратиш, куз-қиш мавсумида иситиш тизимининг тайёрлиги, моддий-техника таъминоти, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги каби масалалар муҳокама қилинди.

“Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг асосий драйвери кичик тадбиркорлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобланади. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағаллик реестрида турган 20 нафар фуқаронинг “Oil Technical Service of XDEC” газ қазиб чиқариш ва бурғилаш ташкилотига доимий ишга жойлаштирилгани қайд этилди. Шунингдек, жорий йил сентябрь ойида 24 нафар ишсиз фуқаро "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига доимий ишга, фермер хўжаликларига ҳамда Орол денгизидан артемия цисталарини йиғиш каби мавсумий ишларга жалб этилди. Маҳаллада 14-30 ёшли 687 нафар ёш истиқомат қилади. Улар орасидаги 17 нафар ишсиз ёшнинг ҳам қизиқиш ва қобилиятидан келиб чиқиб, имтиёзли кредитлар ажратиш, замонавий касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш орқали бандлиги таъминланган. Бу эса маҳаллада ёшлар билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Маҳалланинг янги биносида электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилгани ҳам эътибордан четда қолмади. Депутат маҳалла раиси ва “маҳалла еттилиги” аъзоларининг тизимни янада такомиллаштириш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган фикр ва таклифларини тинглади. Учрашув доирасида Ажиниёз номидаги экопарк фаолияти ҳам ўрганилди. Парк ҳудудида амалга оширилаётган ишлар, уни кенгайтириш бўйича режалар билан танишилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Депутатнинг кейинги манзили Мўйноқ ва Талли ўзак маҳаллалари бўлди. Бу ерда маҳалла еттилиги ва фаоллар билан мулоқот ўтказилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. “Маҳалла еттилиги”нинг аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Масъуллар билан биргаликда амалий вазифалар белгилаб олинди ва зарур тавсиялар берилди.
Аҳоли билан мулоқотлар чоғида уларнинг кундалик ҳаётига дахлдор муаммо ва таклифлар ҳам эшитилди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни қора қопламали асфальтлаш масаласи кўтарилди. Учрашувда билдирилган мурожаатларнинг аксарияти бўйича ҳуқуқий жиҳатдан тушунтириш ва амалий тавсиялар берилган бўлса, айрим масалалар назоратга олинди. “Мўйноқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла драйвери асосан кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган.
Мулоқотларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва маҳалланинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар муҳокама қилинди. Учрашув давомида депутат маҳаллада аҳоли учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, бугунги кунда маҳалла тизимида аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, очиқлик ва манзилли ёндашувни кучайтириш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Зеро, маҳалладаги ҳар бир масалага эътибор, ҳар бир мурожаатга амалий муносабат – аҳоли ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири