“Mo‘ynoq ralli”: ғолиблар аниқланди
Қорақалпоғистоннинг олис ва бетакрор ҳудуди – Мўйноқ туманидаги Устюрт яссилигида уч кун давом этган “Mo‘ynoq ralli” автомобиль мусобақаси ғолиблари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Туризм қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида чўл бағридаги мураккаб маршрутлар бўйлаб ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақа иштирокчилари жасорат, матонат ва юртга садоқат намунасини кўрсатишди.
[gallery-29641]
Мусобақа якунида двигатель ҳажми 125 см3гача мотоцикллар синфида биринчи ўринни Бухоро вилоятидан Бекзод Ҳалимбоев, иккинчи ўринни Навоий вилоятидан Богдан Сатурян, учинчи ўринни Тошкент шаҳридан Воҳид Ниёзов, двигатель ҳажми 500 см3 мотоцикллар синфида Бухоро вилоятидан Бахтиёр Аҳмедов биринчи, Жасурбек Саматов иккинчи, Навоий вилояти Адхам Темиров учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, “Багги” синфида биринчи ўринни Жиззах вилоятидан Хуршид Ғаниев, иккинчи ўринни Андижон вилоятидан Мирсодиқ Алихонов, учинчи ўринни Бухоро вилоятидан Саиджон Субҳонов эгаллади.
Шунингдек, двигатель ҳажми 1600 см3гача бўлган “А-8”синфида биринчи ўринни Жиззах вилоятидан Бахтиёр Тошбоев, иккинчи ўринни Сирдарё вилоятидан Одилжон Норқўзиев, Асқар Ҳасанов, учинчи ўринни Андижон вилоятидан Сарвар Тожикулов, Акмал Жўраев, двигатель ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфида биринчи ўринни Жиззах вилоятидан Темур Аҳрорқулов, Акромхўжа Суннатхўжаев, иккинчи ўринни Андижон вилоятидан Иброҳим Тўйчиев, Бахтиёр Тўйчиев, учинчи ўринни Самарқанд вилоятидан Шуҳрат Обиджонов, Сергей Скворцов экипажи қўлга киритди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.