“Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гулдаста қўйилди
Фарғонада зиёрат қиладиган масканлар, гўшалар бисёр. Ана шундай манзиллар орасида "Мотамсаро она" мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Бу иккинчи жаҳон уруши йилларини хотирлаш билан боғлиқ масканда вилоятга ташриф буюрган ҳар қандай меҳмонлар, албатта, ушбу ёдгорликни зиёрат қилиб, ёдгорлик пойига гулдаста қўйиб ўз эҳтиромларини изҳор этади.
Бугун Фарғонада Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Тадбир иштирокчилари дастлаб Фарғона шаҳридаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида қатнашдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников, Алтай ўлкаси губернатори Виктор Томенко бошчилигидаги делегациялар, Ўзбекистон ва Россиянинг бошқа ҳудудлари раҳбар ва масъуллари, вазирлик ва идоралар, тармоқ ташкилотлари, савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо этган аждодлар хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА