Моссад АҚШни Трампга таҳдиддан огоҳлантирди (+видео)
Исроил разведкаси Эрон Дональд Трамп ва Американинг бошқа юқори мартабали амалдорларига дрон орқали ҳужум уюштиришни режалаштираётганидан огоҳлантирган. Бу ҳақда “Israel Hayom” газетаси хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати бошқа разведка идораларидан олинган маълумотни ҳам тасдиқлаган. Яъни, америкалик ҳамкасбларига Эрон АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Америка маъмуриятининг бошқа юқори мартабали амалдорларига дрон ёрдамида суиқасд уюштиришни режалаштираётгани ҳақида маълумот берган.
Суҳбатдошлар айтишича, ушбу разведка маълумоти яна бир Ғарб махсус хизмати томонидан тасдиқланган. Огоҳлантиришдан сўнг АҚШда бир неча юқори мартабали амалдорлар учун хавфсизлик чораси кучайтирилган.
Газета манбалари Америка разведкаси аввал ҳам Эрон томонидан шунга ўхшаш таҳдид мавжудлиги ҳақида маълумотга эга бўлганини таъкидлаган. Шу боис АҚШ Исроилдан ушбу маълумотни текшириб беришни сўраган. Бунга жавобан “Моссад” мавжуд маълумотни тасдиқлаган.
Бинобарин, хабар эълон қилинган вақтга қадар АҚШ Марказий разведка бошқармаси ёки бошқа расмий идоралар мазкур ахборотни мустақил равишда тасдиқламаган.
“Israel Hayom” газетаси иқтибос келтирган мансабдор шахслар айтишича, ушбу маълумот Трампнинг Теҳрон билан музокара масаласида ўз қарашини ўзгартиришига сабаб бўлган.
2026 йил июль ойида ҳам қатор оммавий ахборот воситалари Исроил АҚШга Трампни ўлдиришга қаратилган эҳтимолий фитна тўғрисида маълумот берганини хабар қилган эди. Фақат ўшанда CNN телеканали манбалари Америка махсус хизмати Исроилдан огоҳлантириш олгунига қадар бундай режа ҳақида маълумотга эга бўлмагани ва бу хабарни мустақил равишда тасдиқламаганини таъкидлаган.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА