Москвада Ўзбекистон туризмига қизиқиш ортмоқда
Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, бетакрор маданияти ва замонавий туризм имкониятлари халқаро майдонларда тобора кенг намойиш этилмоқда.
Айни кунларда Москва шаҳрида ўтказилаётган нуфузли “Путешествуй!” халқаро туризм форумида мамлакатимиз миллий стенди меҳмонлар ва мутахассислар эътиборини тортмоқда.
Туризм қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стенди “Путешествуй!” халқаро туризм форумида намойиш этилмоқда.
Форум доирасида Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Чернишенко Ўзбекистон миллий стендига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, тақдим этилган сайёҳлик йўналишлари ҳамда саёҳатлар учун яратилаётган янги имкониятлар билан танишди.
Ўзбекистоннинг миллий маданияти ва туризм брендини тарғиб қилиш мақсадида кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари учун маданий дастур, ўзбек миллий таомлари тақдимоти ва дегустацияси, шунингдек, халқ ҳунармандлари томонидан яратилган ноёб маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур форумдаги иштирок Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Россия бозорида янада кенг тарғиб этиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Путешествуй!” Россиянинг туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги энг йирик тадбирларидан бири ҳисобланади. Форум давлат ва бизнес ўртасидаги юқори даражадаги мулоқот майдонини ҳамда кенг жамоатчилик учун туристик фестивални ўзида мужассам этган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА