Москвада муваффақият қозонишди
Россия пойтахти Москва шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича нуфузли халқаро мусобақа — «65 — Катта Москва регатаси – Энг кучли спортчилар кубоги» бўлиб ўтди. Дунёнинг турли мамлакатларидан 1000 дан ортиқ спортчи иштирок этган мазкур мусобақа академик эшкак эшиш бўйича энг йирик халқаро стартлардан бири ҳисобланади.
Мусобақалар эркаклар ва аёллар, 23 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда 19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ташкил этилди. Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган спортчилар ҳам муносиб иштирок этишиб, бир қатор медалларни қўлга киритишди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси хабар берди.

Хусусан, Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Ширин шаҳар спорт мактаби тарбияланувчилари юқори натижалар қайд этди.
Яхё Иброҳимов, Асадбек Маматқулов, Ҳусан Тўйчиев, Шоҳжаҳон Асатуллаев, Муҳаммадамин Толипов, Азиз Давронов, Мадина Савина, Сарвара Шарипқуловалар бронза медали соҳиби бўлишган бўлса, Баҳром Камолов, Азиз Ҳакимовлар кумуш медали соҳиби бўлишди.

Халқаро майдонда қўлга киритилган ушбу натижалар сирдарёлик эшкакчиларнинг маҳорати ва тайёргарлиги юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқлади. Спортчиларнинг муваффақияти ортида мураббийларнинг меҳнати, тизимли тайёргарлик ҳамда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар мужассам.
Москва регатасидаги ушбу ютуқлар сирдарёлик спортчиларнинг келгусидаги халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиши, юқори натижаларни қайд этишида трамплин вазифасини ўташлиги сирдарёлик мутахассислар томонидан таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири