Тадбиркорларга янги имтиёзлар мазмун-моҳияти тушунтирилди
Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев, Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси масъуллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда янги фармон билан жорий этилаётган механизмлар, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Мазкур тартибга мувофиқ товар ва хизматларни реализация қилиш бўйича айланмалар учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси 6 фоиз, фойда солиғи ставкаси эса 0 фоиз этиб белгиланган. Шунингдек, айрим ҳисоботларни тақдим этиш мажбуриятининг бекор қилиниши тадбиркорлик фаолиятини юритишни янада енгиллаштириши қайд этилди.
Тадбир иштирокчиларига солиқ юкини камайтириш, расмий фаолият юритишнинг афзалликлари ҳамда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида жорий этилган янги ёндашувлар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.
[gallery-29899]
Очиқ мулоқот шаклида ўтган семинарда иштирокчилар электрон ҳисоб-фактуралардан фойдаланиш, солиқ ҳисоботларини юритиш, солиқ қарздорлигини кечиктириб тўлаш ва ортиқча тўланган маблағларни қайтариш механизмлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қайд этилишича, мазкур семинарлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам ўтказилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА