Москва Ереванни миграция имтиёзидан маҳрум қилиши мумкин
Агар Ереван Россиянинг стратегик иттифоқчиси сифатидаги мақомини қайта кўриб чиқса, Россия Арманистон фуқароларига нисбатан миграция имтиёзини бекор қилиши мумкин. Давлат Думаси раиси ўринбосари Пётр Толстой таъкидлашича, рўйхатдан ўтмасдан узоқ муддат яшаш ва соддалаштирилган иш билан таъминлаш каби имтиёзлар фақат иттифоқчиликка таянади. Унинг қўшимча қилишича, Россияга қарши баёнотлар, рус тилига босим ва Киев билан яқинлашиш Россиядаги арман диаспораси ва бизнеси ишини хавф остига қўймоқда.
Шунингдек, РФ Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 28-29 май кунлари Остонада бўлиб ўтадиган Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиши оқибатини ёпиқ эшик ортида муҳокама қилиши эҳтимолини илгари сурди. Мулозим мазкур ташкилотдан мажбуран чиқариб юбориш механизми йўқлиги, мамлакат фақат ўз ташаббуси билан чиқиб кетиши мумкинлигига ҳам аниқлик киритди.
Ўз навбатида, расмий Ереван кескинликни кучайтириш ниятида эмаслигини таъкидламоқда. Мамлакат Хавфсизлик Кенгаши котиби Армен Григорян баҳсли масалалар мавжудлигига қарамай, Москва билан муносабатда инқироз кўрмаётгани, масалан Россия билан темир йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича музокара давом этаётгани, шу билан бирга Арманистон темир йўлини бошқа давлатга имтиёзли бошқарув учун ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини айтган.
Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян бундай ёндашув қўллаб-қувватланишини қайд этаркан, Арманистон расмийлари Россия билан муносабатда на икки томонлама, на ЕОИИ ёки МДҲ доирасида кескинлик яратишни мутлақо истамаслигини маълум қилди.
Мирзоян Арманистон экспорти билан боғлиқ муаммо сўнгги 25 йилдан бери кун тартибида экани, бу масалани мамлакатнинг Европага мойил қараши билан боғламаслик кераклигига урғу берди. Шунингдек, Ереван иқтисодиётини тизимли равишда диверсификация қилиш ва янги бозорлар излаш йўлида давом этишини қўшимча қилди.
С.Раҳимов, ЎзА