“Montsame”: Мўғулистон Ўзбекистон билан барча соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр
“Montsame” миллий ахборот агентлиги Мўғулистон ва Ўзбекистон парламенти вакиллари учрашуви ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова бошчилигидаги делегацияни Мўғулистон – Ўзбекистон парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Мунхбат Цагаанхуу кутиб олган.
Учрашувда Мунхбат Цагаанхуу Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор деб атаб, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Ўз навбатида, Орзигул Қозихонова икки давлат раҳбарларининг ўзаро олий даражадаги ташрифлари мамлакатлар муносабатларини сифат жиҳатидан янги, “ҳар томонлама шериклик” босқичига олиб чиққанини қайд этган.
Томонлар савдо, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, маданият ва таълимдаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, парламент қўмиталари ўртасида қонунчилик тажрибасини алмашиш масалаларини муҳокама қилган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА