Молиявий саводхонлик билан – орзулар сари
Бухоро вилояти Олот туманида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун Марказий банк ходимлари томонидан ўтказилган амалий ўқув семинарда молиявий саводхонлик, рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, молиявий хавфсизлик ва фирибгарликлардан ҳимояланиш ҳамда “Finlit.uz” ахборот-таълим ресурсининг имкониятлари каби мавзуларда сўз борди.
– Семинарда ижобий кредит тарихини шакллантириш учун масъулиятли қарз олишнинг аҳамияти, молиявий хавфсизликнинг асосий қоидалари, банк омонатлари орқали жамғармаларни шакллантириш, фоизларни ҳисоблаш тартиби, рақамли молиявий саводхонлик, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганларга имтиёзли кредитлаш каби асосий йўналишлар интерфаол усулда тушунтирилди. Маҳалла фаоллари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган аёллар, ёшлар вакиллари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кредит ташкилотлари билан ишлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича амалий маслаҳатлар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Бухоро вилояти минтақавий марказ раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова.



Марказий банк мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида хотин-қизлар ва ёшларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув-таълим тадбирларини давом эттиради. Семинар очиқ мулоқот руҳида ўтди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олди. Мазкур тадбир, фуқароларни молиявий жиҳатдан мустақил, онгли қарор қабул қилувчи, оила ва жамият тараққиётида фаол иштирок этувчи шахслар сифатида шакллантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.