Мўғулистоннинг Баят зотли қўйлари иқлимга мослашди
Сирдарё вилоятида чорвачилик тармоғини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий генофондни бойитиш ҳамда юқори маҳсулдор зотлар улушини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнларда Мўғулистондан олиб келинган Баят зотли қўйлар ўзининг юқори мослашувчанлиги ва маҳсулдорлиги билан эътибор марказида турибди.
Сирдарё вилоятида чорвачилик тармоғини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий генофондни бойитиш ҳамда юқори маҳсулдор зотлар улушини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнларда Мўғулистондан олиб келинган Баят зотли қўйлар ўзининг юқори мослашувчанлиги ва маҳсулдорлиги билан эътибор марказида турибди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил июнь ойида Мўғулистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида қатор муҳим келишувларга эришилди.
Ана шу келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17-июлдаги “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, қўй ва эчкиларга нисбатан қўлланилган экспорт божлари ҳар бир бош учун 18 АҚШ долларидан 7 АҚШ долларигача камайтирилди. Бу эса майда шохли чорва ҳайвонлари импорти ҳажмини сезиларли оширишга, шунингдек, мамлакат чорвачилигида янги генетик линияларни жорий этиш учун ҳуқуқий ва иқтисодий асос яратди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур қарор нафақат импорт жараёнларини арзонлаштирди, балки чорвачилик тармоғини сифат жиҳатдан ривожлантириш учун кенг имкониятлар очди. Республика миқёсида 2029 йилга қадар мўғул қўйлари ва эчкилари сонини 1 миллион бошга етказиш мақсади белгилангани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Импортни қўллаб-қувватлаш мақсадида Мўғулистондан олиб келинаётган майда шохли чорва ҳайвонларининг ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан компенсация қилинаётгани, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатларини кечиктириш ҳамда имтиёзли кредитлар тақдим этилиши фермерлар фаоллигини янада оширмоқда.
Ана шу имкониятлар доирасида ўтган йили Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларига 5 минг бошдан ортиқ Баят зотли қўйлар олиб келинди. Зоотехник олимлар фикрига кўра, ушбу зотнинг энг катта афзаллиги — иқлим шароитига тез мослаша олишидадир. Баят қўйлари –40°C дан +40°C гача бўлган ҳарорат шароитида ҳам ўз маҳсулдорлигини сақлаб қолиши билан ажралиб туради.
– Баят қўйлари экстремал иқлим шароитига мослашган зот ҳисобланади. Сирдарё вилоятининг иссиқ ва қуруқ ҳавоси улар учун жиддий муаммо туғдирмаяпти, – дейди Оқолтин туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Маҳмуд Қурбонов. – Ҳозирда қўйларнинг физиологик ҳолати, ҳаракат фаоллиги ва озуқа қабул қилиш меъёрлари кундалик мониторинг қилинмоқда. Илк кузатувлар зотнинг маҳаллий шароитга жуда тез мослашаётганини кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Баят зотли қўйларнинг тирик вазни 70–100 килограммгача етади, урғулилиги юқори бўлиб, маҳаллий қўйлар генофондини қисқа вақт ичида яхшилаш имконини беради. Шунингдек, мазкур зот паразитар ва инфекцион касалликларга нисбатан чидамлилиги билан ҳам иқтисодий самарадорликни оширади.

– Қарор ижроси доирасида 2025 йил 1 ноябрь куни Мўғулистоннинг “BEST POINT” хўжалигидан Мирзаобод тумани ҳудудига 1333 бош Баят зотли наслли қўйлар олиб келинди, – дейди Мирзаобод туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Нуриддин Нурматов. – Бу нафақат маҳсулот ҳажмини оширади, балки бозорларда гўшт маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, ўтган йилда туман ҳудудига Қозоғистон ва Россиядан ҳам минглаб йирик ва майда шохли чорва ҳайвонлари импорт қилинди. Бу жараёнлар туман ва вилоят чорвачилик салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда Баят зотли қўйларнинг маҳсулдорлиги ва иқлимга мослашув даражасини баҳолаш ишлари илмий асосда ташкил этилган. Хусусан, 24 соатлик ветеринария назорати, гормонал ва биокимёвий таҳлиллар, озуқа рационларини илмий шакллантириш ҳамда БМТ ФАО методологияси асосида электрон реестр юритилиши селекция ишларини тизимли ташкил этишга замин яратмоқда.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Баят зотли қўйларни жорий этиш натижасида вилоятда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10–15 фоизга, фермер хўжаликлари даромади эса 20–25 фоизга ошиши кутилмоқда. Энг муҳими, экспортбоп қўй гўшти ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Йил якунига қадар Баят зотли қўйлар сонини 100 минг бошга етказиш режалаштирилган. Бу эса мамлакат чорвачилигида янги генофонд яратиш, фермерлар даромадини барқарор ошириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири