Модернизм меросини асраб-авайлаш бўйича конференция
Ўзбекистон давлат санъат музейида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг “Tashkent Modernism ХХ-ХХI” номли меросни тадқиқ этиш ва асраб-авайлаш лойиҳаси доирасида “Тошкент дунёнинг қаерида жойлашган?" мавзусида конференцияси бўлиб ўтди.
Унда меъморчилик тарихини танқидий қайта англашда маданият муассасаларининг ўрни, билимларни яратишда музейларнинг салоҳияти ва модернизм меросини асраб-авайлашда аҳамиятга молик намуналар муҳокама этилди.

“Тошкент дунёнинг қаерида жойлашган?" конференциясининг энг кўзга кўринган бош маърузаси машҳур голланд меъмори “Office for Metropolitan Architecture” (ОМА) меъморчилик бюроси ҳамкори Рем Колҳаснинг нутқи бўлди.
Муайян мавзуга оид туркум тадқиқотлар ва “ОМА”нинг яқинда олиб борган изланишларига таяниб, Рем Колҳас ўз маърузасида меросни асраб-авайлашнинг келажаги борасида ҳам сўз юритди.

Мазкур анжуман Тошкент модернизм меросини атрофлича ёритиш мақсадида ўтказилди. Шунингдек, тадбир шаҳар меъморий мероси муҳофазаси бўйича кенг қамровли стратегияни амалга ошириш учун халқаро миқёсда тажриба ва ғоялар алмашишга қаратилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА