“Модарихон” мадрасаси сайёҳларнинг севимли масканига айланади
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан “Модарихон” мадрасасида туризмни ривожлантириш мақсадида 27 сентябрь “Халқаро туризм куни” муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда ҳунармандлар, мономарказ ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Давра суҳбатида ушбу маданий мерос инфратузилмасини жадал ривожлантириш, объектдан самарали фойдаланиш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, тарихий обидани салоҳиятли туризм объекти ва масканига айлантириш мақсадида бирламчи чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу ерни туристлар ташрифи учун тайёрлаш ва уларни тарғиб қилиш, кўргазмалар хилма-хиллигини ошириш, лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.
– Модарихон мадрасаси ўзбек халқининг маданияти, тарихи, этнографияси, археологияси, фольклор ҳаёт тарзи билан қизиқувчи туристлар учун айни муддао, – дейди Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори Алихан Умаров. – Шу жиҳатдан олиб қараганда ушбу даргоҳга “Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказининг ҳунармандчилик маркази” номи берилган. Келгусида миллий ҳунармандчилик йўналишларини амалий жиҳатдан тадқиқ этиш, маданий объектда истиқболли фаолиятни амалга ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА