Миянинг “овози”ни эшитадиган мослама ихтиро қилинди(ми)?
Ҳиндистонлик тадбиркор Дипиндер Гоял ишлаб чиқаётган "Temple" номли ихчам қурилма шифокорлар танқидига сабаб бўлди. Ушбу мослама мияга қон боришини реал вақт режимида кузатиш ва организмнинг иссиқликни тартибга солиш жараёнини баҳолаш имконини бериши айтилмоқда.
Қатор мутахассислар бу даъволар илмий тадқиқотлар билан етарлича тасдиқланмаганини таъкидлаб, пешона билан қулоқ орасига ёпиштириладиган, оғирлиги икки граммдан кам қурилманинг миядаги қон оқимини аниқлаш имкониятига шубҳа билдирмоқда.
Гоял эса қурилма тиббий ускуна эмас, балки жисмоний фаоллик ва умумий ҳолатни кузатишга мўлжалланган мослама эканини айтмоқда.
Унинг компанияси “BrainFlow” ва “Entropy” кўрсаткичлари янги илмий ёндашувларга асосланганини, бу бўйича қўшимча тадқиқотлар ўтказилишини урғулади. Компания февраль ойида лойиҳага 54 миллион доллар инвестиция жалб қилган.
Жорий йил 1 ноябрдан буён қурилмага 62 дан ортиқ мамлакатдан буюртмалар келиб тушган. Бу баҳс фитнес трекерларининг имкониятлари ва тиббий қурилмаларга қўйиладиган талаблар ўртасидаги чегара масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқди.
Мусулмон Зиё, ЎзА