Тинчлик ва дипломатия сабоқлари: Иордания Подшоҳи асарининг ўзбекча нашри тақдим этилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II қаламига мансуб «Our Last Best Chance: The Pursuit of Peace in a Time of Peril » («Сўнгги энг яхши имкониятимиз: таҳлика даврида тинчликка интилиш») номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур китоб автобиографик асар бўлиб, унда муаллиф ўзининг ҳаётий тажрибаси, халқаро сиёсат ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда замонавий дунёнинг асосий муаммоларига доир қарашлари билан ўртоқлашади. Асарда Исроил–Фаластин можароси, араб давлатлари ўртасидаги муносабатлар, минтақавий барқарорлик, терроризмга қарши курашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-32508]
Шунингдек, асарда Подшоҳ Абдулла II нинг ҳаёти ва давлат бошқаруви фаолиятидаги муҳим босқичлар, дипломатик тажрибаси, жаҳон етакчилари билан учрашувлари, давлат бошқаруви, қуролли кучларни ислоҳ қилиш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид ёндашувлари ёритилган. Китоб Иорданиянинг ташқи сиёсий устувор йўналишлари ҳамда Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ролини чуқурроқ англаш имконини беради.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ҳамда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддад, шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва парламент, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакиллари ҳам иштирок этди.
Тақдимот доирасида китобнинг асосий мазмуни, Иорданиянинг ташқи сиёсий ёндашувлари, Яқин Шарқдаги замонавий таҳдидлар, шунингдек, глобал беқарорлик шароитида халқаро мулоқот ва тинчлик ташаббусларининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур тақдимот академик ва экспертлар мулоқотини кенгайтириш, Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнларни чуқурроқ англаш, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамда интеллектуал алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА