"Мирзо Улуғбек ворислари" финалида 280 нафар иштирокчи беллашади
Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасидаги INNO технопаркда «Мирзо Улуғбек ворислари» танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Танлов натижаларига кўра, 100 та энг яхши лойиҳа муаллифлари «Улуғбек» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига, шунингдек, БҲМнинг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдорида пул мукофотига эга бўлади.
«Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловининг финал босқичи 19 майдан 21 майга қадар ИННО технопаркида бўлиб ўтади.

Таъкидлаш мумкинки, «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловида иштирок этиш учун юртимизнинг барча ҳудудларидан 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қарийб 24 минг нафар ўғил-қиз рўйхатдан ўтган.
Тест синовларидан сўнг 3 минг 119 киши танлов иштирокчисига айланиб, мини-технологияларга асосланган инновацион ишлаб чиқариш, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, VR ва AR, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект, 3D прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз ғоя ва ишланмаларини махсус комиссияга тақдим этди.

Республика танловининг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 280 нафар иштирокчи қатнашиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА