Мирзачўл қовунлари Испания қовунлари билан беллаша оладими?
Дунёдаги энг мазали қовунлар қаерда бўлади, дея хорижликлардан сўрасангиз, Ўзбекистоннинг “Мирзачўлида” дея жавоб берса, ажабланманг.
Дунёдаги энг мазали қовунлар қаерда бўлади, дея хорижликлардан сўрасангиз, Ўзбекистоннинг “Мирзачўлида” дея жавоб берса, ажабланманг. Айни вақтда европалик истеъмолчилар юртимизда етиштириладиган халқ тилидаги номи “Мирзачулская” (Торпедо), давлат реестрида эса “Оқ уруғ” нави билан аталишини билишмайди.
Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг чўл ҳудудларида етиштириладиган шўр ер ва сувга мослашган, 60 даража иссиққа ҳам чидайдиган бу нав деҳқонларга яхши фойда келтирмоқда. Ваҳоланки, июнда етиштириладиган бу қовунларнинг ҳар килоси хориж савдо тармоқларида 1,50 евродан кам сотилмайди. Мазкур қовунни татиб кўрган харидорлар, у бор жойда дунёга танилган Испания қовунларига қайрилиб ҳам қарамас экан.
БУ ҚАНДАЙ БОШЛАНГАН ЭДИ?
Экспорти йилдан-йилга кенгайиб бораётган Мирзачўл “Оқ уруғи”ни бундан бир неча йилларда аввал Мирзаобод туманидаги “Red Pack” масъулияти чекланган жамияти қадоқлаб, Россия ва Европа мамлакатларига етказиб беришни бошлаган эди.
— Европа давлатларига Эрон, Мисрдан арзон маҳсулотлар кириб келса-да, нисбатан баҳоси қиммат қовунларимизни ўз харидори бор, — дейди “Red Pack” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Раҳманберди Саламатов. — Сабаби, бу қовунларни мазаси яъни эксклюзив таъми бошқаларга ўхшамагани учун талаб юқори. Экспортимизни 95,0 фоизи ана шу қовунлар ҳиссасига тўғри келади.
ЕВРОПА ДАВЛАТЛАРИГА У ҚАНДАЙ ЕТКАЗИЛАДИ?
Тадбиркор бундан ўн йиллар аввал ҳамкорларига синов тариқасида 100 тонна маҳсулот етказиб берган эди. Баҳоси қимматроқ бўлгани учун аввалига сотилиши қийин бўлди. Секинлик билан ўрганган харидорларга қовунларнинг ширинлиги ёқиб қолди. Кейинги мавсумларда мазкур кўрсаткич 800 тоннага етди. Бу йил эса экспорт ҳажми 1000 тоннадан ошди.
Рақамларнинг ўсиб боришидан кўриниб турибдики, ўзбек қовуни европаликлар дастурхонидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Қолаверса, жамият хорижлик харидорларнинг полиз маҳсулотларига бўлган қизиқишини ошириш учун Италия, Германия, Чехия, Япония давлатларидаги кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. “Ўзбекистон қовунлари” ҳамда “Мирзачўл қовуни” бренди билан кўрсатилаётган бу қовунлар истеъмолчиларга, харидорларга манзур бўлмоқда. Бу эса келгусида Европа ва Осиё давлатларига экспорт ҳажмини, ҳеч иккиланмай, янада ошириш мумкинлигига бўлган ишончни оширмоқда.
Айни вақтда корхона Европадаги ҳамкорлари талаби асосида қовунларнинг ҳажми, етказиб бериш вақтлари, нарх-навосида бир тўхтамга келиб, сақлаш ҳарорати, мослашувчан қадоқлаш қутилари, сифатини сақланган ҳолда етказиб бериш йўлга қўйилди.
“КИМДА ҚОВУН БОР”, ДЕЯ ҚИДИРАМИЗ
Ачинарлиси, экспортда бир қарашда жуда оддий, бироқ тадбиркорнинг фаолиятига тўсиқ бўлиб, қўлини боғлаётган бир қатор муаммолар мавжуд.
– Маҳсулотни деҳқонлардан харид қилганимиз боис вазият йилдан йилга чигаллашиб бормоқда, –дейди Раҳмонберди Саламатов. – Сабаби, полиз экинлари етиштирувчилар ерни ҳар йили фермердан ижарага олади. Қаердан арзон ва яхшироқ ер топса, шу жойда деҳқончилик қилади. Шу тариқа бири Сирдарёда бўлса, яна биттаси Жиззахнинг чекка туманида, бошқаси бизга яқин жойга келиб қолади. Деҳқонларни бу ҳолати ўзига қулай манзил қидириб юрган кўчманчи лўлиларни яшаш тарзига ўхшаб кетади.
Деҳқонларимиз ҳар йили мавсумий, ноаниқ мўлжал билан яшайди. “Худо хоҳласа, бу йил яхши ер ололсам, ҳосил мўл бўлса, сотиб оладиганлар келиб қолса, яхши даромад қиламан” дея. Кооперация (ҳамкорлик) бўлмагандан кейин режасиз экилади ва дуч келган одамга сотилади. Биз ҳар йили деҳқонлар билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз, лекин самарасиз. Чунки, шартнома қилган деҳқонларимиз ер ололмайди ёки ҳолати ёмон жой олгани учун керакли миқдорда маҳсулот етиштира олмай қолади. Кейин “Кимда қовун бор”, дея қидиришни бошлаймиз.
ТАДБИРКОРНИ ЎЗИ НЕГА МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРМАЙДИ?
Ҳар бир деҳқон ўз тажрибаси ва билганича маҳсулот етиштиргани учун, баъзида экспорт қилинган қовунлар тижорат стандартлари талабларига жавоб бермайди. Айниган, чириган, юмшаб қолган ҳолатлари ҳам учрайди ва улар ташлаб юборилади. Хусусан, шу йил сентябрь ойида юборилган қовунларни 20-30 фоизи талабга жавоб бермади ва корхона яхшигина зарар кўрди.
– Суғориладиган ерлар эгали бўлиб кетган, бизга ташландиқ ерлар таклиф қилинмоқда, –дейди тадбиркор.– Экин экиладиган ҳолатга келтириб, ерни шўрини ювиб, сув ва электр олиб келгунча жуда кўп маблағ керак бўлади. Мисол учун, қовун етиштириш учун 250 гектар ер сўрасам “мана 2 минг гектар ер кластер учун, шу жойни ҳаммасини ол” дейишмоқда. Мен эса бунча ерни эплай олмайман. Маблағим 250 гектарда қовун етиштиришга етади, халос. Ана шунда бу майдонни намунали хўжаликка айлантирамиз. Қовунни икки йилдан ортиқ бир майдонда экиб бўлмаслигини ҳисобга олиб, экспортбоп қовоқ, сабзи, қизил лавлаги маҳсулотлари билан алмашлаб экамиз. Ана шунда турли маҳсулотларни экспорт қилишдан ташқари қолганларини қуритиб, музлатиб экспортга чиқарамиз.
ЯНА ҚАНДАЙ РЕЖАЛАР БОР?
Меваларни дарахтдан узиб, шу жойни ўзида чанг ва тупроқ аралаш қадоқлашга ўрганиб қолганмиз, –дейди тадбиркор.– Ёки далани бошида полиз экинлари қутиларга жойланиб, юк машинасига юкланиб, йўлда совитилиб кетилади. Аслида эса бу жуда нотўғри технология. Чунки, бунда сифатни аниқлаб бўлмайди. Намлик ҳавога учиши ҳисобига, бир кунда 20 тонна юкни қарийб бир тоннаси йўқотилади. Шунингдек, маҳсулотни айниши, бузилиши ҳам кўпаяди.
Ҳозирда барча ҳудудларда кўплаб совитгичлар қурилаётганини ҳисобга олсак, тадбиркор бу борада ўзига хос режа тузган. Экспорт борасидаги кўп йиллик тажрибаси асосида маҳсулот сифатини таъминлаш учун аввало бор уларни тезлик билан музлатгичда совитиш муҳим. Яъни маҳсулотни пишиш процессини секинлаштириб, ундан кейин саралаш, калибровка, қадоқлашни йўлга қўймоқчи.
Шу мақсадда “ноль” қийматда инвестиция киритиш шарти билан берилган 4,2 гектарда йиллик айланмаси 10 минг тоннага мўлжалланган совитгич битиш арафасида.
Бу совитгич деҳқонларга ҳам томорачи-ю боғбонларга ҳам кўмакчи бўлади. Етиштирилган ҳосилни сотиш учун ўртакашлар қидириб юрмайди, балки совитгичга топширади. Яъни ҳозирги шароитда, маҳсулотларни етилиш билан тезроқ экспортга жўнатиш муҳимдир. Шунинг учун тадбиркор ҳудудларда сақлайдиган совитгичлар эмас, балким экспортбоп маҳсулотларни тайёрлашга мўлжалланган совитгичларни қуриш кўпроқ фойда келтиришини таъкидламоқда.
ЭНГ КАТТА МУАММО НИМАДА?
Айни вақтда тадбиркор тилими тилни ёрадиган ва хорижда Мирзачўл бренди билан танилган қовунни давлат реестрида “Оқ уруғ” номи билан киритилгани, баъзи чалкашликларга сабаб бўлаётганини айтмоқда. Шу боис бу қовунни айнан Ўзбекистонга тегишли эканлигини билдириш учун, “Оқ уруғ - Мирзачульская” номини реестрга киритиш борасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан мунозара олиб бормоқда.
–Агарда давлат реестрида “Оқ уруғ”ни айнан “Мирзачўл” эканини кўрсатиб ўтсак, кейин ФАО ташкилотида хам рўйхатдан ўтказсак, Ўзбекистон ўз брендини бутун дунёга овоза қилган ва янада мустаҳкамлаган бўларди, –дейди тадбиркор.–Бу эса экспортни янада кенгайтиришда қўл келади. Ахир, ҳар бир давлатга битта бўлса-да, ўз брендимизга эга товар билан кириб борсак, кейин бошқа маҳсулотларни сотиш осон бўлади.
Мирзачўлда яратилган, бошқаларига ўхшамайдиган таъми билан машҳур бу навни маҳаллий деҳқонларимиз Қозоғистонда ҳам етиштирмоқда. Уларда 100 гектарлаб плантациялар қилингани, агротехника йиллар давомида назоратда бўлиши ҳисобига гектаридан 40 тоннагача ҳосил олиниши ва давлат субцидия бериши ҳисобига қовун нархи арзон. Бизда эса гектаридан ўртача 15 тонна ҳосил олинади. Кўп сарфланиб, кам ҳосил олиниши эвазига қовун етиштириш қимматга тушаяпти. Шу тариқа қўшни давлатларда етиштирилган маҳсулот нарх ва сифат борасида бизни синдирмоқда.
Тадбиркор билан суҳбатда бир нарса ойдинлашди. Агарда деҳқонларни бир жойга йиғиб, кооперацияга бирлаштирилса ва қовун етиштириш учун аниқ ҳудуддан доимий ер ажратил деҳқонга ҳам, тадбиркорга ҳам фойдали бўлар экан.