Сифатсиз қурилиш маҳсулотлари утилизация қилинди
Мамлакатимизда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни замонавий талаблар асосида таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ, бу борада ажратилаётган маблағлар ва яратилаётган шароитлар ортидан мўмай даромад кўришни кўзлаб, фарзандларимиз хавфсизлигига панжа ортидан қараётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган режавий назорат тадбирлари давомида ана шундай кўзбўямачилик ҳолатларидан бирига чек қўйилди.
Олинган маълумотларга кўра, қудуқ (колодес) ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "САМАНБАЙ ПРОМ СТРОЙ" масъулияти чекланган жамияти томонидан маҳаллий мактаблардан бирини таъмирлаш объекти учун 6 дона бетон қудуқ етказиб берилган. Бироқ, маҳсулотлар кўрикдан ўтказилганда уларнинг ҳеч бири белгиланган меъёрий ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги ойдинлашди.
Мазкур ҳолат аниқлангач, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси тадбиркорлик субъектига нисбатан номувофиқ деб топилган ушбу маҳсулотларни зудлик билан муомаладан қайтариб олиш ва утилизация қилиш бўйича мажбурий тақдимнома киритди.
Натижада тадбиркор ва назорат органлари вакиллари иштирокида барча сифатсиз қудуқлар белгиланган тартибда бутунлай утилизация қилинди ва қурилиш жараёнидан четлатилди.
Текширув якунида мутасаддилар ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарларини келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этишлари шартлиги, акс ҳолда қонунчилик доирасида бундан ҳам жиддийроқ ва қатъий чоралар кўрилиши ҳақида расман огоҳлантирди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА