Миришкорларимизнинг заҳматли меҳнати янада қадрланди
Қишлоқ хўжалиги соҳасида фермерлар ва кластерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Бугун Президентимиз раҳбарлигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш ҳамда аграр соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда пахтачилик соҳасида меҳнат қилаётган фермер хўжаликлари ва кластерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, биржада сотилган пахтанинг ҳар бир тоннаси учун фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам 500 минг сўмдан давлат субсидияси берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, ўз ерида пахта етиштирган кластерларга ҳар бир гектар учун 1,5 миллион сўмдан субсидия ажратилиши белгиланди.
Мазкур янгилик 2026 йил ҳосилини етиштиришда меҳнат қилаётган 30 мингдан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарлари ва юздан зиёд пахтачилик кластерлари томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Бу каби қўллаб-қувватлаш чоралари пахта етиштирувчиларнинг даромадларини ошириш, хўжаликларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва қўшимча тармоқларни ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фермерлар олдида турган асосий вазифалардан бири — далалардаги пахта ҳосилини қисқа муддатларда ва сифатли йиғиштириб олиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган субсидиялардан самарали фойдаланишдир.
Йиғилишда Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Хусусан, Улуғнор туманида пахтачиликдан озуқа экинларига ўтказилган майдонлар ҳамда дала четларидан самарали фойдаланиш орқали чорвачиликни кенгайтириш вазифаси қўйилди. Улуғнор ва Бўстон туманларида йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Балиқчи туманидаги товуқ гўшти етиштириш комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида янги паррандачилик лойиҳалари амалга оширилади. Улуғнор туманида эса балиқчилик кластери ташкил этилади.
Шунингдек, Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш мақсадида алоҳида «Агростар» компаниясини ташкил этиш белгиланди.
2027 йил баҳорига қадар 4–5 минг гектар майдонга сув чиқариш ва саноатлашган боғлар барпо этиш, уларни уч йил давомида парваришлаб, аҳолига тайёр ҳолда топшириш таклифи илгари сурилди.
Мева-сабзавотчилик соҳасида «Гектардан — максимал қиймат» тамойилига ўтиш, аҳолига кичик қайта ишлаш ускуналарини лизинг асосида тақдим этиш ҳамда туман брендларини яратишни рағбатлантириш белгиланди. Бу орқали етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш улушини 30 фоизга, экспорт ҳажмини эса 500 миллион долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Балиқчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибаларни республика миқёсида оммалаштириш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Белгилаб берилган вазифаларнинг пировард мақсади қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, аграр соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришдан иборат.
Зокир Алламурадов,
Ўзбекистон фермерлари кенгаши бўлим бошлиғи