Минтақавий илмий-тадқиқот платформаси
10 апрель куни Ташқи ишлар вазирлигида Марказий Осиё халқаро институтининг ташкил топиши, мақсади ва вазифаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ўтган йил минтақадаги ягона давлат илмий-тадқиқот муассасаси – Марказий Осиё халқаро институти ташкил ҳэтилган эди. Ушбу муассаса минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа жиҳатларини чуқур татбиқ этиш учун замин яратади. Шунингдек, савдо ва инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, туризм, илм-фан ва маданият, тиббиёт, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги вазифаларга катта эътибор қаратилади.
- Институтимиз минтақада инвестициявий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, самарали ва экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратиш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш истиқболларини ўрганишга хизмат қилади, - дейди институт директори Анвар Носиров.
Хорижий тажрибага асосланиб, Марказий Осиё халқаро институтининг умумий бошқарувини минтақа давлатлари ва хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат ва илмий арбобларидан иборат Васийлик кенгаши амалга оширади.
Кенгаш раиси - Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ҳисобланади. У халқаро алоқаларни ривожлантиришга ва институтнинг нуфузли хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳисса қўшади.
Тадбирда институт фаолиятига оид тақдимотлар намойиш этилди. Иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА