Мингбулоққа янги ҳоким тайинланди
Тайинлов
Халқ депутатлари Мингбулоқ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди. Сессияда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Вилоят раҳбари кейинги йилларда Мингбулоқ туманида олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида, ислоҳотларни амалга оширишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни соҳалар бўйича бирма-бир таҳлил қилди. Депутатлар Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Нурмаматович Худойбердиевни лавозимидан озод этиш, ҳамда Аҳрор Аҳмадалиевич Мансуровни Мингбулоқ тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорларини бир овоздан тасдиқлади.
Аҳрор Мансуров 1988 йилда Мингбулоқ туманида туғилган. 2013 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Мингбулоқ тумани давлат нотариал идорасида нотариус ёрдамчиси сифатида бошлаган. Фаолияти давомида Наманган вилояти адлия бошқармаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида турли масъул вазифаларда ҳамда Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида иш олиб борган. Янги тайинловга қадар, яъни 2022 йил март ойидан буён Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Сессия якунида, туманнинг янги тайинланган ҳокими Аҳрор Мансуров Мингбулоқни келгусида иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш юзасидан режа-мақсадларини аниқ ҳисоб-китоблар асосида тақдимот қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.