Мингбулоқлик учувчи хотирланди
“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги 24-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир иштирокчилари ҳам мактабдоши, ҳам юртдоши бўлган ажойиб фазогир ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди. Бунда учувчининг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмнинг ўрни катта.
Гап 1960 йил 16 февралда оддий ишчи оиласида таваллуд топган 24-мактабнинг собиқ битирувчиси, бутун меҳнат фаолиятини учувчиликка бахшида этган Муҳаммаджон Қўчқоров ҳақида бормоқда. У ҳақда Тошкент маданият ва санъат институти талабаси Бобуржон Исроилжонов режиссёр ва постановкачи операторлигида суратга олинган ҳужжатли фильмда тўлақонли ҳикоя қилинган.

Ўқимаган ҳар бир инсон худди зулматда қолиб кетганга ўхшайди. Муҳаммаджон Қўчқоров айнан ўша зулматдан нур қидирган ва ёруғлик томон ҳаракат қилиб улкан натижаларга эришган. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган. Ҳатто ҳозирги кунгача мактабнинг фахри сифатида тан олиниб келинади. Фарзандларининг барчалари ота-она ўгитларига риоя этишганки, бировдан кам эмас. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида ўз ўринларига эга ва ҳалол меҳнатлари билан ибрат бўлишмоқда.

Мактабда унга устозлик қилган «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, фахрий педагог Ҳамидулло Нурматов, мактаб директори Музаяна Омонова, фахрий педагог Нуриддин Мамадалиев ва Комилжон Имомназаровлар ҳужжатли фильм ҳақида мароқ билан таассуротларини ўртоқлашишди. Фильм ижодкорлари тақдирланди.
Эътиборлиси шундаки, ҳужжатли фильм қаҳрамонидан таъсирланган мактаб битирувчилари Ойбек Муҳаммаджонов, Оғабек Шарофиддинов мактабдошлари бўлган фазогир Муҳаммаджон Қўчқоров сингари учувчи бўлишга қатъий аҳд қилишганлигини таъкидлашди.
Тадбир қатнашчилари Муҳаммаджон Қўчқоровнинг бюсти ҳамда қабрини зиёрат қилдилар.
Қосимжон Акбаров,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, ЎзА