Миллий ёзувимизни такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги нишонланаётган шу кунларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳот алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу жараён она тилимизни ривожлантириш, миллий ёзувимизни замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим давоми, деб ҳисоблайман.
Тил – миллатнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва ўзлигини намоён этувчи бебаҳо бойликдир. Алифбо эса ана шу бойликни ёзув орқали ифодалаш, авлодлардан-авлодларга етказиш ҳамда илм-фан ва маърифат тараққиётига хизмат қилдиришнинг асосий воситасидир. Шу боис ёзувни такомиллаштириш масаласига фақат ҳарфлар шаклидаги ўзгариш сифатида эмас, балки тилимизнинг замонавий ҳаётдаги ўрни ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим жараён сифатида қараш лозим.
Янги алифбода айрим ҳарфлар шаклининг ўзгариши, хусусан, Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг Ö ва Ğ, Sh ва Ch ҳарф бирикмаларининг эса Ş ва Ҫ шаклларида ифодаланиши ёзувимиздаги айрим техник ноқулайликларни бартараф этишга қаратилган. Бундай ўзгаришлар, айниқса, электрон матнлар билан ишлаш, ахборот алмашиш, рақамли платформаларда ўзбек тилидан фойдаланиш ва ёзувнинг ягона стандартларини шакллантириш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Бугунги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида давлат тилининг замонавий ахборот муҳитида тўлақонли қўлланиши катта аҳамият касб этади. Ўзбек тилининг электрон тизимлар, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базалари ва сунъий интеллект технологияларида кенг қўлланиши унинг имкониятларини янада оширади. Шу маънода, алифбони такомиллаштириш тилимизнинг замонавий технологиялар билан уйғун ривожланиши учун ҳам муҳим замин яратиши мумкин.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси унинг пухта ташкил этилиши ва халқимиз учун қулай тарзда амалга оширилишига боғлиқ. Янги алифбога ўтиш жараёнида таълим муассасалари, давлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва нашриётларнинг тайёргарлиги, ягона имло меъёрларининг изчил қўлланиши, аҳолига тушунтириш ишларининг олиб борилиши муҳимдир. Энг асосийси, бу жараён фуқаролар учун ортиқча оворагарчилик туғдирмаслиги, амалдаги ҳужжатлар ва ахборот тизимларидан фойдаланишда тушунмовчиликлар юзага келмаслиги зарур.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ҳам давлат тилининг нуфузини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий ва маънавий маданиятини юксалтириш, таълим сифатини ривожлантириш ҳамда замонавий билимларни эгаллаш учун қулай шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, алифбо ислоҳотининг мақсад ва вазифаларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, айниқса, ёшлар орасида она тилига ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан биридир.
Ишонаманки, янги алифбони ҳаётга изчил ва пухта татбиқ этиш орқали ўзбек тилининг ёзма ифода имкониятларини кенгайтириш, унинг рақамли макондаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда келажак авлодга янада қулай ва такомиллашган ёзув тизимини етказиш йўлида муҳим натижаларга эришиш мумкин.
Зеро, она тилини эъзозлаш, миллатни эъзозлашдир. Уни ривожлантириш, замон билан ҳамнафас қилиш ва келажак авлодга бой маънавий мерос сифатида етказиш эса барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Шарипа Торешова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари.
ЎзА