Миллий валюта – мустақиллик ва барқарорлик тимсоли
Бугунги кунда қўлимиздан тушмайдиган сўм шунчаки тўлов воситаси эмас. У мамлакат иқтисодий мустақиллиги, давлат суверенитети ва миллий тараққиётнинг муҳим рамзларидан биридир.
Бундан 32 йил аввал — 1994 йил 1 июль куни Ўзбекистон ўз миллий валютасини муомалага киритиш орқали мустақил иқтисодий сиёсат юритиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бирини ташлади. Ўтган йиллар давомида сўм мамлакат иқтисодиёти билан бирга шаклланди, турли синовларни бошдан кечирди ва замонавий молия тизимининг ажралмас қисмига айланди. Бугун миллий валютанинг 32 йиллик тарихи нафақат босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, балки иқтисодий ислоҳотлар, пул-кредит сиёсати ва рақамли иқтисодиёт шароитида сўмнинг ўрни ҳамда истиқболини таҳлил қилиш учун ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
1994 йил 16 июнда қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, 1 июлдан бошлаб сўм мамлакат ҳудудида ягона қонуний тўлов воситаси сифатида жорий этилди. Ана шу қарор билан Ўзбекистон ўзининг мустақил монетар сиёсатига тўлиқ ўтди.
Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, миллий валютанинг жорий этилиши мамлакатнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш, давлат бюджети, банк тизими ва ташқи иқтисодий муносабатларни мустақил бошқариш имконини берди.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 1994 йилда 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик банкноталар ҳамда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийинлик тангалар муомалага чиқарилди.

Кейинги йилларда иқтисодиёт ҳажмининг ўсиши, инфляция ва бозор муносабатларининг ривожланиши натижасида юқори номиналли пуллар босқичма-босқич жорий этилди. 1997 йилда 200 сўмлик, 2000 йилда 500 сўмлик, 2001 йилда 1000 сўмлик, 2013 йилда 5000 сўмлик, 2017 йилда 10 минг ва 50 минг сўмлик, 2019 йилда 100 минг сўмлик ҳамда 2021 йилда 200 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилди. Бу ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётидаги табиий жараёнлар, аҳоли даромадлари ва тўлов муносабатларининг кенгайиши билан изоҳланади.
Сўнгги йилларда банкноталар дизайни тубдан ўзгарди. Янги намунадаги купюраларда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент каби тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва миллий нақшлар акс эттирилди.

Бу ўзгаришлар нафақат эстетик аҳамияти, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим бўлди. Замонавий банкноталар халқаро талабларга жавоб берадиган сув белгилари, голограммалар, микроматн, ҳимоя иплари ва ранг ўзгартирувчи элементлар билан жиҳозланган. Кўпчилик миллий валютанинг қийматини фақат доллар курси билан баҳолайди. Аслида эса сўмнинг барқарорлиги мамлакат иқтисодиётининг умумий ҳолатига боғлиқ.
Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, экспорт ҳажми, инвестициялар оқими, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, инфляция даражаси ва Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати миллий валютанинг мустаҳкамлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Сўнгги йилларда инфляцияни пасайтириш, валюта бозорини либераллаштириш ва пул-кредит сиёсати шаффофлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий валюта барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда сўм фақат қўлда ушлаб кўриладиган банкнота ёки танга эмас. У рақамли иқтисодиётнинг ҳам асосий ҳисоб-китоб воситасига айланди. Uzcard ва Humo тўлов тизимлари, мобил банкинг, интернет-банкинг, QR-код орқали тўловлар, электрон тижорат ва финтех хизматларининг жадал ривожланиши натижасида нақдсиз ҳисоб-китоблар улуши йил сайин ошиб бормоқда.
Бу эса иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва аҳолига қулай молиявий хизматлар кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан махсус тангалар чиқарилди. 2022 йилда эса 1000 сўмлик металл танга муомалага киритилди. Бу тангалар нафақат тўлов воситаси, балки мамлакат тарихи, маданияти ва давлатчилик анъаналарини тарғиб қилувчи муҳим нумизматик меросдир.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 1 июлни «Банк ходимлари куни» сифатида белгилаш ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Дарҳақиқат, миллий валютанинг жорий этилиши мамлакат банк тизими фаолияти билан узвий боғлиқ. Бугун банклар иқтисодиётни молиялаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ипотека ва истеъмол кредитлари, инвестициялар, халқаро ҳисоб-китоблар ҳамда рақамли молиявий хизматларни ривожлантиришда муҳим ўрин эгалламоқда.

Бироқ, касб байрамини таъсис этиш давлат даражасида қабул қилинадиган ҳуқуқий қарор ҳисобланади. Шу боис мазкур таклиф кенг жамоатчилик, банк соҳаси ва тегишли давлат органлари иштирокида муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ.
32 йил аввал муомалага киритилган миллий валюта бугун Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигининг асосий тимсолларидан бирига айланди.
Ўтган йиллар давомида сўм ташқи кўриниш жиҳатидан ҳам, ҳимоя даражаси ва муомала имкониятлари бўйича ҳам замонавийлашди. Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши, электрон тўлов тизимларининг кенгайиши ва банк соҳасидаги ислоҳотлар миллий валютанинг аҳамиятини янада мустаҳкамламоқда.
Миллий валютага ишонч – иқтисодиётга ишонч демак. Сўмнинг барқарорлиги эса ҳар бир фуқаро фаровонлиги, тадбиркорлик муҳити ва мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим кафолатларидан бири бўлиб қолаверади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА